Зиёрат одоблари
Донишманд халқимиз улуғ олимлар, фозил ва солиҳ инсонларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган. Уларнинг ҳаётлик чоғларида илму тақвосидан баҳраманд бўлганидек, вафотларидан кейин ҳам қабрларини обод этиб, зиёратгоҳларга айлантирганлар. Шу боис юртимизнинг турли ҳудудларида обод ва файзли зиёратгоҳлар кўп. Ушбу манзилларга нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳ ва зиёратчилар келиб туришади. Зеро, қабрларни зиёрат қилиш – суннат амаллардан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий ривояти). Демак, зиёратдан мақсад – охиратни эслаш, марҳумлар ҳолатидан ибрат олиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш.
Бироқ айримлар қабрда ётган маййитдан мадад кутиш, қабртошларни ўпиш ёки тавоф қилиш каби хурофотларга қўл урадилар. Бундай бидъат ишлар шариатимизга мутлақо зиддир.
Дарвоқе, яқинда Самарқанд, Сурхондарё вилоятларидаги мўътабар зотларнинг қабрларини зиёрат қилар эканмиз, дарахтларга боғланган латта парчаларига кўзимиз тушди. Билсак, баъзи аёллар мушкулининг осон бўлишини ният қилиб шундай қилишаркан.
Шунингдек, зиёратгоҳ ходимларининг айтишича, бошқа бировлар қабр эгасининг номи билан Аллоҳдан ҳожат сўрар, яна кимдир шам ёқиб, таом ҳам пиширар экан. Аммо бундай одатларнинг динимизга мутлақо алоқаси йўқ. Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилади: “Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстларига яқин бўлиш мақсадида қабрларига тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаром ишлардан”.
Ҳар қандай ҳожат фақат Аллоҳдан сўралади. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: «Аллоҳ: “Икки (сохта) илоҳни маъбуд қилиб олмангиз! Албатта, У ягона илоҳдир! Бас, Мендангина қўрқингиз!” деди. Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?! Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга мусибат етса ҳам, фақат Унгагина ёлворасизлар. Сўнгра (У) сизлардан (ўша) мусибатни даф этгач, сизларнинг орангиздан бир тўда (кимсалар чиқиб) Парвардигорларига ширк келтирурлар» (Наҳл сураси, 51–54-оятлар).
“Ширк” сўзи араб тилида “шерик қилиш” маъносини англатади. Шариат истилоҳида эса Аллоҳга шерик келтириш, Унга хос сифатларни бошқаларга нисбат бериш деганидир.
Демак, ширк – энг катта гуноҳ. Пайғамбарларнинг ҳаммаси инсонларни айнан ширкдан қайтариб, тавҳидга чорлашган. Демак, зиёратда марҳумлар ҳаққига дуо қилинади. Бахт, фарзанд, ризқ ёки ишдаги муваффақият фақат Аллоҳдан сўралади. Азиз-авлиёларни ҳурмат қилиш уларнинг йўлларини тутиш, тақвоси ва солиҳ амалларига эргашиш билан бўлади.
Нажмиддин САИДОВ,
Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Хонободтепа” жоме масжиди имом ноиби
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws