“Арслон билаклигим, алла…”
Гўдак қалбига эзгулик уруғи, меҳр ва муҳаббат туйғулари алла орқали ҳам кириб боради. У болани тинчлантиради, зеҳнини ўстиради ва энг муҳими, она билан бола ўртасида руҳий боғлиқлик касб этади. Алланинг моҳиятида “Аллоҳ” зикри мужассам. Бу эса боланинг қалбига иймон нурини эрта ёшдан сингдиришга хизмат қилади.
Она алла айтар экан, фарзанди учун дуо қилади, унинг истиқболи ёруғ, бахти бутун бўлишини тилайди. “Бахтимга сен катта бўлгин, Хазон бўлма, алла”, деган сатрларда нафақат меҳр, балки умид ва орзу мужассам. Бола бешикда алла эшитиб улғайса, қалбида меҳр, ҳурмат ва садоқат туйғулари шаклланади. Ана шу туйғулар уни кейинчалик ота-онасига меҳрибон, жамиятга фойдали инсон бўлишида асқатади.
Буюк аллома Абу Али ибн Сино машҳур “Тиб қонунлари” асарида бола тарбиясида алланинг ўрни ҳақида бундай ёзади: “Боланинг мизожини мустаҳкамлаш учун уни секин тебратиш, зикр ва алла билан ухлатиш зарур”.
Алла боланинг тил бойлигини оширади, шу билан бирга, у она учун ҳам руҳий енгиллик беради. Она ўз дардини, орзу-армонини алла орқали изҳор этади ва қалби бир оз бўлса-да, енгил тортганини ҳис қилади. Бешик қўшиқларида фақат болага бўлган меҳр эмас, балки давр руҳи, ижтимоий ҳаёт, инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳам акс этади. Оналар ҳеч кимга айтолмаган дардларини чақалоғига алла орқали айтишган. Шу боис алла ўз даврининг лирик руҳий кўзгуси ҳамдир.
Қўли арслон билаклигим, алла,
Ботир, қоплон юраклигим, алла.
каби сатрларда она фарзандининг жасур, мард, эл-юртга керакли инсон бўлишини орзу қилади.
Оймомо – юзинг, алла,
Юлдузлар – кўзинг, алла,
деган мисраларда эса боланинг беқиёс гўзаллиги ва она муҳаббати ифодаланади. Алла турли тилларда айтилиши мумкин, аммо унинг замирида бир нарса – она меҳри ётади.
Афсуски, бугун айрим оилаларда алла айтиш ўрнига болага телефон ёки телевизор қўйиб бериляпти. Экран нурлари она овозининг ўрнини босолмайди. Боланинг қалбига меҳрни технология эмас, жонли, самимий оҳанг сингдиради. Илгари болаларга эсини танигунча алла, сўнг ибратли ҳикоялар айтиб беришган. Бу эса уларнинг зеҳни ўткир, тафаккури кенг бўлишини таъминлаган. Бугун эса оилавий мутолаадан узоқлашдик.
Абдулла Авлоний: “Тарбия – биз учун ё ҳаёт, ё мамот масаласидир”, деб бежиз таъкидламаган. Чунки тарбиядаги беэътиборлик жамиятда турли муаммоларга йўл очади. Агар болага мурғакликдан ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш қадриятлари сингдирилса, у, албатта, комил инсон бўлиб вояга етади.
Алла ўзбек халқ ижодида болани ёрғаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғотиш маросимлари билан уйғунлашган. Баъзан бадиҳагўй аёллар, энагалар алла айтишни ўргатганлар.
“Ойни олиб берайми, алла,
Кунни олиб берайми, алла?!”
каби сатрларда она фарзанди учун бутун оламни бахш этишга тайёрлиги ифода этилади.
Алла айтсам, яйрайсан, алла,
Кулиб-кулиб қарайсан, алла,
деган мисралар эса она ва бола ўртасидаги самимий мулоқот тасвиридир. Ҳамон радио орқали янграган аллалар инсон қалбида илиқ ҳислар уйғотади. Масалан, Ҳабиба Охуновадан чироқ ўчган кечаларда кўзни юмганча эшитилган аллалар ҳануз биз учун жозибали туюлади. Фарзандли бўлгандан сўнг эса болаликда эшитган аллалар янада маъноли эшитилади. Чунки инсон энди она меҳрининг ҳақиқий моҳиятини ҳис этади.
Шаҳнозахон СОДИҚОВА
“Мўминалар”журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws