Енгил санасак-да, оқибати оғир
Шариатимиз покликка асосланган. Мусулмон амал қилиши зарур бўлган одоблардан бири бавлдан сақланишдир.
Бавлдан сақланмаслик қабр азобини вожиб қилади. Яъни қабр азобини келтириб чиқарувчи ҳар бир нарса гуноҳдир. Бу сўзимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бавлдан покланинглар, чунки қабр азобининг кўп қисми бавлдан сақланмасликдан бўлади» (Имом Дорақутний ва Имом Ҳоким ривояти), деб огоҳлантирганлари далилдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бир ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: “Албатта, бу иккиси азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ”, дедилар. Кейин: “Улардан бири чақимчилик қилиб юрар эди, бошқаси эса пешобидан эҳтиётланмас эди”, дедилар. Кейин бир ҳўл новдани олиб, иккига синдирдилар-да, сўнг ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдилар. Сўнгра: “Шояд, бу иккаласи қуригунича у икковидан (азоб) енгиллатиб турилса”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривояти).
«Албатта, бу иккиси азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ», жумласидан англашиладики, инсон бавлни кетказиши ёки ундан сақланиши мумкин. Аммо оддийгина эҳтиётсизлик қабр азобига сабаб бўлиши мумкинлиги англашилмоқда.
Баъзида одамлар енгил санайдиган шу ва шунга ўхшаш амаллар Аллоҳ таоло наздида катта гуноҳдир: «Ўшанда сиз уни (ифкни) тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва буни (ифкни) ўзингиз учун енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида оғирдир» (Нур сураси, 15-оят).
Жумҳур фуқаҳолар наздида одам боласининг бавли оз бўладими ёки кўпми, мутлақо нажасдир. Лекин Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мўминларга машаққат бўлмаслиги учун: «Дирҳам миқдоридан ошсагина, нажас бўлади», деган.
Демак, аслида гуноҳи кабира бўлмаган ва сақланиш мумкин бўлган нарсалар ҳам баъзан қабр азобига сабаб бўлиши мумкин. Яна бу арзимас ишлар дин ва маъсият жиҳатидан катта бўлиши мумкин. Зеро, кичик гуноҳни давомли бажариш уни катта гуноҳга айлантиради.
Соҳибжон АҲМЕДОВ,
Бағдод тумани «Зайд ибн Собит» масжиди имом-хатиби
(Ю. Комилова уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws