Саййид Собитхон тўра — «Маънолар отаси»
Юртимиз олим ва уламоларининг ҳаётини ўрганар эканмиз, улар орасида қисқа умр кўрган бўлса-да, баракали ижод қилганлари кўплаб топилади. Мавлоно Саййид Собитхон тўра ана шундай инсонлардан эди. У зотнинг умри илм олиш, ўрганганларини бошқаларга ўргатиш ва оғир замонда диний қадриятларни асраб қолиш билан ўтди.
Собитхон тўра 1866 йили Наманган шаҳрида маърифатли хонадонда дунёга келди. Тўлиқ исми Саййид Собитхон Абул Маоний ибн Саййид Файзихон тўра Намангоний Ҳанафий Нақшбандийдир. Отаси Файзихон эшон, боболари ва аждодлари илм ва тасаввуф аҳли бўлишган. Онаси ҳам тақволи ва ихлосманд аёл эди.
Собитхон тўра дастлабки сабоқни отасидан олди. Кейин Намангандаги «Азизхўжа» ва «Саййидқулибек» мадрасаларида таҳсил кўрди. Ўн икки ёшидаёқ талабаларга дарс бера бошлади.
Собитхон тўра Қўқондаги «Мадрасаи Хон»да тафсир, ҳадис, фиқҳ, балоғат ва фасоҳат илмларини пухта эгаллади. Кейинчалик Фарғона водийси муфтийси ва уламолар кенгаши раиси сифатида фаолият юритди.
У зот бир неча марта ҳаж сафарига борган. Мадинаи мунавварада уч йил яшаб, у ерда ҳам илм билан машғул бўлди, уламолар билан мулоқот қилди, дарс ва илмий баҳсларда иштирок этди. Фатво беришдаги салоҳияти, масаланинг нозик жиҳатларини англаш ва маъноларини очиб бериш маҳорати сабабли «Абул Маоний» — «Маънолар отаси» деган ном билан шуҳрат қозонди.
Мадинадан Наманганга қайтгач, Собитхон тўра яна халққа фатво берди, талабаларга дарс ўтди, масжидда ваъз қилди. Унинг илмидан баҳраманд бўлиш учун оддий одамларгина эмас, бошқа мударрислар ҳам келишар эди. Айниқса, унинг тафсир дарслари машҳур бўлган.
Манбаларда у киши эрта тонгдан чошгоҳгача икки юздан зиёд талабага «Тафсир ал-Жалолайн»дан дарс бергани қайд этилади. Жума кунлари эса бомдод намозидан кейин унинг суҳбатини эшитиш учун жуда кўп талабалар ва уламолар йиғилишарди. Ваъз тугагач, Собитхон тўра одамларнинг саволларига жавоб берарди. Суҳбатлари жуда таъсирчан бўлганидан тингловчилар унинг насиҳатларини йиғлаб эшитишарди.
Собитхон тўра кўплаб шогирдлар тарбиялади. Ҳомид Мирзо Намангоний, Абдуғофур қори, Лутфуллохон эшон, Исмоил Махдум, Ҳомидхон қори каби бир қатор уламолар унинг илм мактабидан баҳраманд бўлишган.
Собитхон тўра араб ва ўзбек тилларида бир қатор асарлар ёзган. «Башорат ан-нажот фи ишорат ас-салот», «Тажҳиз ал-амвот», «Кашф ан-ниқоб фи масалат ал-ҳижоб», «Китоб ат-талоқ», «Ал-Бароҳин ал-қотиъа» каби асарлар шулар жумласидандир.
Унинг фиқҳ соҳасидаги «Ал-Фатҳ ар-Раҳмоний фи фатово ас-Саййид Абиул Маоний» номли фатволар тўплами жуда муҳим манбалардан ҳисобланади. Мазкур асар кейинчалик Мадинада ҳам нашр қилинган.
Собитхон тўра яшаган даврда мустамлакачилик сиёсати ва кейинги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар уламолар учун оғир синовларни келтириб чиқарди. Собитхон тўра ҳам таъқиб ва тазйиқлардан четда қолмади. Шундай бўлса-да, у илм ва диний хизматдан воз кечмади.
Саййид Собитхон тўра 1928 йили вафот этган ва Наманган шаҳридаги «Мангулик» қабристонига дафн қилинган.
Муҳаммад Зариф МУҲАММАД ОЛИМ,
«Абу Райҳон Беруний» номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти
“Ҳидоят” журналининг 10-сонидан олинди.