Намозни бузувчи нарсалар ва µолатлар
Намозга ният қилиб, такбири таҳрима айтиб намозга киргач, намоз амалларидан бошқа амалларни қилиш мумкин бўлмайди. Қуйида саналган ишлар ва ҳолатлар намозни бузади:
1. Қасддан ёки адашиб бўлса-да, гапириш.
2. Кишиларга салом бериш.
3. Саломга алик олиш.
4. Узрсиз (сабабсиз) томоқ қириш.
5. “Аҳ”, “оҳ”, “уф” деб овоз чиқариш (оғриқ ёки дунёвий ташвиш сабабли).
6. Оғриқ ёки мусибатга овоз чиқариб йиғлаш (охиратни эслаб йиғлаш бузмайди).
7. Ўзи эшитар даражада кулиш (ёнидаги одам эшитса, таҳорат ҳам кетади, намоз ҳам бузилади).
8. Аксирганга жавобан “Ярҳамукаллоҳ”, дейиш.
9. Саволга ва хабарга, оятлар билан бўлса-да, жавоб қайтариш.
10. Бирор нарсани еб-ичиш, оғзида бўлган нўхатдан каттароқ нарсани ютиш.
11. Қироатни Мусҳафга қараб қилиш.
12. Амали касир – ташқаридан қараган одамда “Бу киши намоз ўқимаяпти”, деган шубҳа уйғотадиган даражада хатти-ҳаракат қилиш.
13. Нажас устига сажда қилиш.
14. Кўксини қибладан бошқа томонга буриш.
15. Сажда қилганида иккала оёқ панжаларини ердан узиш.
16. Қироатни маъно ўзгарадиган даражада бузиб ўқиш.
17. Намоз фарзларидан бирортасини узрсиз тарк қилиш.
18. Намознинг тўла бир рукни давомида аврат аъзосининг очиқ бўлиши.
19. Намоз ичида таҳоратнинг бузилиши.
20. Жамоат намозида ёнидаги кишига жой бериш учун сурилиш. Бу ерда ниятга қаралади. Агар орқадан суқилиб кираётган кишининг яхшироқ жойлашиши учун силжиса, намози бузилади. Аммо орадаги бўш жойга суқилиб кирган киши сабабли ўзининг ноқулай ҳолатини ўнглаб олиш учун силжиса, намози бузилмайди.
21. Тўхтамай бир саф миқдоридан кўп юриш. Масалан, намозга энди киришганида олдинги сафларда жой очилиб қолса, ўзидан олдинги сафда тўхтамай, бирданига бир неча саф олдинга ўтиб кетса, намози бузилади. Агар олдинги сафда бир тўхтаб, кейингисига ўтса, намози бузилмайди.
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2023 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws