Қирғизистонда 80 ёшли оналар Қуръони каримни тўлиқ ёд олдилар
Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Аравон туманидаги «Зиё» ўқув марказида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг Ўш вилоятидаги вакили Султонали ҳожи Ғафуров иштирок этди.
Битирувчилар орасида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган икки нафар 80 ёшли онахон алоҳида эътибор қозонди. Шунингдек, 71 ёшли бир онахон Қуръони каримнинг 20 жузини ёд олган.
IQNA ахборот агентлигининг muftiyat.kg манбасига таяниб хабар беришича, Султонали ҳожи Ғапуров битирувчиларга муваффақиятлар тилаб, улар орасида таълим олиш учун ҳеч қачон кеч эмаслигини амалда исботлаётган оналар борлигини таъкидлади.
У шундай деди: «Ёшингиз қандай бўлишидан қатъи назар, таълим олиш учун ҳеч қачон кеч эмас. Билим олишда давом этинг! Бугун икки нафар 80 ёшли онахон Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш орқали бу ҳикматли сўзнинг ҳақиқат эканини исботладилар.
Ишонамизки, бу воқеа ёшлар учун ибрат, ўқиш ва илм олишга ўзини кексалик сабабли нолойиқ деб ҳисоблайдиган инсонлар учун эса илҳом манбаи бўлади».
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати