Мовароуннаҳр уламолари. УБАЙДУЛЛОҲ ИБН МАСЪУД САДРУШ-ШАРИЪА
Мовароуннаҳрда Чингизхон босқинидан кейин ҳанафий фиқҳининг қайта жонланишида буюк олим Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг хизматлари катта бўлган. У айрим манбаларда туркий экани қайд этилса-да, баъзи манбаларда у саҳоба Убода ибн Сомит Ансорий розияллоҳу анҳунинг авлоди сифатида қайд этилади. У Садруш-шариъа номи билан танилган. Унинг катта олим бўлиб етишишида боболари – Умар Тожуш-шариъа ва Маҳмуд Бурҳонуш-шариъа муҳим ўрин тутади.
Бобоси Маҳмуд Бурҳони шариъанинг “Виқоятур ривоя” асари Ислом оламида муҳим ўрин тутади. Бу китобга Садруш-шариъа шарҳ ёзиш баробарида ўз ижтиҳоди билан асарни бойитган. Аллома “Ниқоя” асарининг дебочасида бундай дейди: “Мен баъзи илм таҳсил қилувчиларнинг “Виқоятур ривоя” матнларини ёдлашда ҳимматларининг камайиб кетганини кўрганимдан сўнг толиби илмлар ҳифз қилиши енгил бўлиши учун “Мухтасарул виқоя” асарини таълиф этмоққа киришдим”. Алломанинг мазкур “Шарҳул Виқоя” асари ҳанафий фиқҳида алоҳида ўринга эга.
Тарихчи Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризодадан бундай ҳикоя келади: “Аллома Қутбиддин Розий Садруш-шариъа билан илмий мунозара қилмоқ истагида шогирди Муборакшоҳни у кишининг ҳузурларига юборди. Муборакшоҳ алломани Ибн Синонинг “Ишорот” китобидан талабаларга дарс айтиб турган ҳолида учратади. У Садруш-шариъа Ибн Сино ва унинг шориҳи Муҳаммад Тусийга эргашмай, балки ўзининг кучли ва ёрқин далиллари билан раддия бераётганини кўриб, илмига тан беради. Устози Қутбиддин Розийга бориб бундай дейди: «Бу олим “нарун ваққодун”, яъни “ёндирувчи олов” каби. У билан мунозара қилиш сизнинг даражангизни фақат тушириши мумкин. Аллома ўз фикри ва ижтиҳоди ила иш кўрар экан». Шу тариқа аллома Розий шогирдининг эътирофини қабул этиб, мақсадидан қайтади.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд раҳматуллоҳи алайҳ 1346 йилда Бухорода вафот этган ва ўша ердаги Шеробод қабристонига дафн этилган.
Алломанинг илмий асарлари кенг тарқалишига шогирдлари Муҳаммад ибн Муборакшоҳ Бухорий, Тоҳир Ҳофизуддин Муҳаммад Тоҳурий, Шамсуддин Табасий каби олимлар ҳиссаси катта бўлган.
Унинг “Шарҳул Виқоя”, “Танқиҳ” ва “ат-Тавзиҳ” асарлари ҳозир ҳам Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Туркия Ислом таълим муассасаларида кенг ўқитилади. Алломанинг “Таъдил ал-улум ва унинг шарҳи” ва “Рисолату фи илмил-аруз” каби асарлари унинг дунёвий илмларда ҳам етук бўлганини кўрсатади.
Асарлари:
1. Танқиҳул-усул – ҳанафий усулул-фиқҳига оид.
2. “Ат-Тавзиҳ” – “Танқиҳ” мураккаб масалаларга оид.
3. “Муқаддиматул-арбаъа” – “ат-Тавзиҳ” асарининг бир қисми сифатида қаралади.
4. “Шарҳул-Виқоя” – фиқҳ илмига оид муҳим шарҳи
5. Мухтасарул-Виқоя (ан-Нуқоя) – фиқҳий масалаларни қисқа ва тизимли баёни.
6. “Таъдил ал-улум ва унинг шарҳи” – мантиқ, илоҳиёт ва астрономияга оид.
7. “Рисолату фи илмил-аруз” – унда аруз илмига оид 16 баҳр қоидалари ихчам ва рамзий шаклда баён этилган. Шунингдек, у “Шарҳул-Фусул”, “ал-Вишаҳ фил-маъони вал-баён” каби бир қатор асарлар ҳам унга оид экани таъкидланади.
Абдивоҳид ЎРОЗОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws