Машаққатларни аритувчи “камар”
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Тақво – бу ўзингни ҳеч бир кишидан афзал деб билмаслигингдир”.
“Маъалимут танзил”
* * *
Абдуллоҳ ибн Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний отасидан ривоят қилади: “Агар бир кишининг ўз гуноҳлари қолиб, одамларнинг гуноҳларини қидириш билан машғул бўлганини кўрсангиз, билингки, унга макр қилинибди”.
Изоҳ: “унга макр қилинибди” жумласидан мурод инсон бу иши билан ўзи сезмаган ҳолда аста-секин ҳалокатга юз тутиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишидир. Бу истидрож ҳам дейилади. Чунки ўз айбини кўрмай, фақат бошқаларнинг айбини ахтариш ўта кетган тубанликдир.
Ибн Аби Дунё, “Мударотун нас”
* * *
Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ айтди: “Агар шайтоннинг васвасаларидан қутулишни истасанг, уларни ҳис қилган заҳотинг хурсанд бўл. Шундай қилсанг, улар тўхтайди. Шайтон учун мўминнинг қувончидан кўра нафратлироқ нарса йўқ. Агар улар сабабли хафа бўлсанг, шайтон васвасани янада кучайтиради”.
“Ал-азкор”
* * *
Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳ айтди: “Оқил киши оламдаги барча нарса – мавжудоту ҳодисалар Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлишига: ёзилган нарсалар амалга ошмай қолмаслигига ва ёзилмаган нарсалар – бутун махлуқот йиғилиб уринишса ҳам, – амалга ошмаслигига қатъий ишониши керак. Борди-ю, тақдир уни бирор синовга рўбарў қилса, у белига бир учи сабр, бошқа учи розилик бўлган “камар”ни маҳкам боғлаши лозим. Токи бу иши учун ажру мукофотни тўлиқ олсин. Зеро, бу “камар” қанчадан-қанча чорасизлик ва қийинчиликларни кўз очиб юмгунча аритиб юборган”.
“Китабул уқола”
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws