Ихлоссиз нажот тополмаймиз
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар орасида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?” деб сўрадим. У зот: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, бу гапни сиздан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим. Чунки ҳадисга ўта ҳарислигингизни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадис бизга жуда катта ҳақиқатни ўргатади. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” шунчаки тилда айтиладиган оддий сўз эмас. Бу калима инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Боиси шуки, унинг замирида инсон ҳаётида энг улуғ зот Аллоҳ бўлиши керак деган ҳақиқат мужассам. Афсуски, баъзан инсон тили билан иймон ҳақида гапиради-ю, аммо амалда нафси айтган томонга юради. Биров кўрса, яхши иш қилади, кўрмаса, ўзгариб қолади. Бу эса ихлоснинг заифлигидан далолат беради.
Ихлос дегани – амални одамлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун қилишдир. Намоз ўқиганида, садақа берганида, бировга ёрдам қилганида инсоннинг нияти Аллоҳни рози қилиш бўлиши керак. Чунки Аллоҳ наздида амалнинг катталиги эмас, қалбдаги ихлос ва ниятнинг эзгулиги муҳим. Баъзан жуда кичик бир яхшилик ихлос сабабли тоғдек улкан савобга айланади. Гоҳида одамлар мақтасин деб қилинган катта амалнинг ҳеч қандай қиймати қолмайди.
Қиёмат куни эса жуда оғир кун бўлади. У кунда одам одамни танимай қолади. Ҳар ким “ўзим, ўзим” деб фақат ўзининг ташвиши билан бўлади. Қуёш инсонларга жуда яқин келади. Кимдир тиззасигача, кимдир белигача, кимдир кўксигача терга ботади. Ана шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришиш энг катта бахт бўлиб қолади. Лекин бу бахтга фақат тилида эмас, қалбида ҳам иймони бор, Аллоҳга чин дилдан боғланган инсонлар муносиб бўладилар.
Ҳақиқий мўминни одамлар эмас, унинг виждони тарбиялайди. У ёлғиз қолганида ҳам гуноҳ қилишдан қўрқади. Чунки у доимо: “Аллоҳ мени кўриб турибди”, деб яшайди. Шунинг учун ҳақиқий иймон инсоннинг ҳар бир ҳаракатида кўринади. У ёлғон гапиришдан уялади, бировнинг ҳақини ейишдан қўрқади, ота-онасини ҳурмат қилади, одамларга қўлидан келганча яхшилик қилишга интилади.
Афсуски, бугунги кунда одамлар орасида риё кўпайиб кетди. Кўпчилик яхши амални ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қилишга ўрганиб қолди. Аммо Аллоҳ бандаларнинг ташқи кўринишига эмас, қалбига қарайди. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаб олишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Фарзанд тарбиялашда, ризқ топишда, илм ўрганишда, одамлар билан муомала қилишда ҳам ўзимизга: “Бу ишимдан Аллоҳ рози бўладими?” деган саволни бериб яшайлик. Ана шунда ҳаётимизга барака киради, қалбимиз хотиржам бўлади.
“Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимаси фақат тилда эмас, қалбимизда ҳам яшасин. Уни айтиш билан бирга маъносини ҳам англаб яшашга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни қалби тоза, иймони мустаҳкам, ихлосли бандаларидан қилсин. Қиёмат куни севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шафоатларига эришадиган бахтли инсонлар қаторида бўлишимизни насиб этсин.
Довуд КАМОЛЗОДА,
Сариосиё туманидаги “Домулло Муҳаммад Шариф” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws