Қирғизистон халқаро аэропортида замонавий меъморчилик услубидаги масжид қурилади
– “Қирғизистон аэропортлари” очиқ акциядорлик жамияти “Манас” халқаро аэропорти ҳудудида ўзига хос ва ноёб меъморий иншоотга айланадиган масжид барпо этилишини маълум қилди.
IQNA сайтининг Open.kg маълумотларига таяниб хабар беришича, “Қирғизистон аэропортлари” очиқ акциядорлик жамияти “Манас” халқаро аэропортида янги масжид барпо этишни режалаштирмоқда.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, масжид замонавий ва ўзига хос услубда лойиҳалаштирилади. Унда илғор меъморий ечимлар миллий маданиятнинг анъанавий унсурлари билан уйғунлаштирилади.
Янги масжиднинг умумий майдони 1500 квадрат метрни ташкил этади, бир вақтнинг ўзида эса 2000 нафардан ортиқ намозхонни қабул қилиш имконига эга бўлади. Масжид қурилиши фуқароларнинг ихтиёрий хайриялари ҳисобидан молиялаштирилади. Бу эса истаган кишиларга ушбу хайрли лойиҳа амалга оширилишига ўз ҳиссасини қўшиш имконини беради.
Қурилиш ишларини 2026 йил охирида бошлаш, лойиҳани эса 2027 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати