Қуръони каримнинг ноёб қўлёзма саҳифаси Лондонда савдога қўйилади
Етти асрдан ортиқ тарихга эга бўлган Қуръони каримнинг ноёб қўлёзма саҳифаси Лондондаги машҳур «Christie’s» аукцион уйида савдога қўйилади. Дастлабки баҳоси 50–70 минг фунт стерлинг этиб белгиланган мазкур тарихий ёдгорлик «Ислом ва Ҳинд дунёси санъати» савдоси доирасида намойиш этилади.
Тахминан 1310 йилда, Илхонийлар даврида яратилган саҳифада Қуръони каримнинг «Ҳумаза» сураси дастлабки уч ояти олтин сиёҳда, араб хаттотлигининг «муҳаққақ» услубида битилган. Саҳифа мураккаб исломий нақшлар, олтин ва кумуш чизиқлар ҳамда ўсимликсимон безаклар билан зийнатланган. Унинг ўлчами 57,7 × 42,6 сантиметрни ташкил этади.
«Christie’s» маълумотларига кўра, қўлёзманинг безаклари XIV аср бошларида Бағдодда фаолият юритган машҳур наққош-музаҳҳиб Муҳаммад ибн Айбак ибн Абдуллоҳ томонидан сарой буюртмаси асосида безатилган Қуръон саҳифаларига ўхшайди. Бироқ матнни айнан қайси хаттот ёзгани номаълум. Безакларда Хитой санъатидан илҳомланган унсурлар ҳам мавжуд бўлиб, бу даврда турли маданиятлар ўртасидаги бадиий алоқаларни акс эттиради.
Илхонийлар сулоласи XIII–XIV асрларда Эрон ва Ироқнинг катта қисмини бошқарган. Султон Ғозоннинг исломни қабул қилиши ушбу сулола ҳукмронлиги даврида ислом мавқеининг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутган. Бу даврда Бағдод хаттотлик ва китоб безаш санъатининг йирик марказларидан бири бўлган.
Қўлёзманинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар чекланган. Аукцион уйи маълумотига кўра, саҳифа 1971 йилга қадар Буюк Британиядаги хусусий коллекцияда сақланган.
Мазкур ноёб асар ислом цивилизациясида Қуръони каримни кўчириш, хаттотлик ва китоб безаш санъати юксак даражада ривожланганини намоён этувчи тарихий ёдгорлик ҳисобланади.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.