Тарбия – таълимдан муҳим
Юртимизда таълим ҳамиша тарбия билан бирга олиб борилган. Ҳеч қачон Шарқда ўқув юртларида таълимдан айри ҳолда “Одобнома” дарси ташкил этилмаган. Ҳар бир мударрис аввало соҳиби ахлоқ бўлиши ва талабага ахлоқ намунаси билан таъсир ўтказиши шарт бўлган. Агар бунинг акси бўлса, бундай устоз даргоҳдан четлатилган. Шунинг учун бизда устоз-шогирдлик анъанаси мустаҳкам.
Шарқда одоб-ахлоқ ҳақида рисола ёзиш анъана тусига кирган. Афсуски, кейинги пайтларда таълим, яъни илм бирламчи ҳисобланмоқда. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам таълим энг аввал қобил, лаёқатли, устозга бўйсунувчи шогирдга берилган. Акс ҳолда, берилган таълим заранг, таги тош ерга қуйилган сув каби беҳуда бўлиши аниқ.
Айрим педагогларимизнинг “Европача методга ўтиш керак” деган гапларининг пайдо бўлгани ҳам сир эмас. Бу таълимда асқатиши мумкин, лекин тарбияда эмас Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак: ёш авлодга берилаётган тарбия ва таълим замирида Ватан тақдири ётади.
Тарихдан маълумки, мўғуллар истилосигача Мовароуннаҳр илмфанда Бағдоддан қолишмаган. Биринчи Ренессанс даврининг охирларида Мовароуннаҳрда илм юқори чўққисига кўтарилган. Ўша даврда Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона, Насаф, Термиз ва бошқа шаҳарларимизда кўплаб олимлар етишиб чиққан. Шулардан бири “Таълимул муталлим, тариқи тааллум” китобининг муаллифи Имом Бурҳониддин Зарнужийдир. У зот имомлик даражасига етишган, бир неча китоблар муаллифи. Имом Зарнужий Фарғонанинг қадимги Зарнуж қишлоғида таваллуд топган. Зарнужийнинг “Таълимул мутааллим, тариқи тааллум” асаридан олдин ҳам турли даврларда ахлоққа оид асарлар ёзилган. Лекин бу китобнинг эътиборли жиҳати шундаки, у халқ орасида қўлма-қўл бўлиб ўқилган ва бизгача етиб келган. Яна бир афзаллиги, китоб ўша давр талабалари ёки устозлари қай даражада одоб-ахлоқ соҳиби бўлишганидан дарак бериб туради. Бу асарга араб олимлари томонидан ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган. Немис ва инглиз тилларига 1850 йилларда таржима қилиниб, педагогика мутахассислигида тадқиқот ишлари амалга оширилган. Ҳозирги кунда араб ўлкаларининг кўп жойларида мадраса-ю олий ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитилади.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, дунё янги тамаддун палласига қадам қўйди. Бошқача айтганда, тарбия билан йўғрилган миллий қадриятларимизга асло иккинчи даражали деб қарамаслигимиз лозим.
Муҳаммад АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Араб тили таржима назарияси ва амалиёти кафедраси доценти
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws