Иллатлардан узоқ бўлиш сири
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нафсини паст санаган ва ўлимдан кейинги (ҳаёт) учун амал қилган киши ақллидир. Ожиз эса нафси ҳавосига эргашиб, Аллоҳдан умид қилган кимсадир”.
Қалб фақат Аллоҳ таолога муҳаббат билангина тирикдир. Бундай муҳаббатга эса, нафсни тарбиялаш, турли ёмонлигу иллатлардан халос бўлиш орқали эришилади. Бу йўлда кам ейиш ва нафл рўзаларни кўпайтириш кишига ёрдам беради.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Кўк юзидан Ер юзига индирилган барча яхшиликларнинг асоси очликдир. Ер-кўк орасидаги барча ёмонликларнинг боши эса тўқликдир”, дейдилар.
Дарҳақиқат, кам ейиш – қаноат белгиси, ғафлатдан қутулиш ва саломатлик гарови ҳамдир.
Машойихлар “Очлик илм олишнинг шарти ҳамдир”, дейдилар. У инсоннинг Аллоҳдан узоқлашувига сабаб бўлувчи ҳою ҳавасларини камайтиради. Қалбни мунаввар қилади, руҳни тетиклаштиради, вақтни ибодат билан ўтказиш имкониятини беради. Рўза бойларга муҳтожларнинг аҳволини ҳис қилдириб, уларга ёрдам беришга ундайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафсингизни очлик ила ибодатга ўргатинг ва уни чанқатинг”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Бу кўрсатмага амал қилиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди, турли иллатлардан халос бўлади, қалби покланиб, руҳияти юксалади. Буни Рамазон ойида барчамиз англаб етамиз.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бундай деган: “Мусулмон бўлганимдан бери Раббимга ибодат завқини туйиш учун тўйгунча овқат емадим. Яна Раббимга етишиш иштиёқида қонгунча сув ичмадим. Чунки кўп еган одам кўп ибодат қилолмайди. Инсон бўғзига тиқилгунча овқат еса, вужуди оғирлашади, уйқу босади! Аъзолари овора бўлиб қолади, кўп ибодатни ният қилса ҳам, бажаролмайди, қўлидан келадигани фақат уйқу бўлади”.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай ўгит берган: “Кўп ухлама, кўп ема! Ким кўп ухлаб, кўп еса, қиёмат куни сўроққа орқаси булғанган ҳолатда келади, ҳеч бир гўзал амали бўлмайди”.
Демак, Аллоҳга яқин бўлишни истаганлар кўп ейиш ва кўп ухлашдан тийилишлари лозим. Чунки инсон зоти учун энг катта хатар кўп ейиш-ичишдан, шаҳватлардан ва ҳирсдан келади. Касални даволаш учун хос муолажа қанчалик зарур бўлса, қалбни поклаш учун парҳез (рўза ва очлик) ҳам шунчалик муҳимдир.
Гавҳар ИСТАМОВА,
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws