Коинотнинг мўъжизавий яратилиши
Аллоҳ таоло Қуръони каримда таълим беради: “У (Аллоҳ) осмонлар ва ерни йўқдан бор қилгувчидир. Қачонки бир ишни ирода қилса, унга фақат “Бўл!” дейди, бас, у дарҳол бўлади” (Бақара сураси, 117-оят). Россиялик математик ва физик Александр Фридман ҳамда бельгиялик олим ва руҳоний Жорж Леметр турли ҳисоб-китоблар натижасида коинот тобора кенгайиб бораётганини аниқлашди. Уларнинг назариялари асосида 1929 йил осмон улкан телескоп “Эдвин Хаббл” ёрдамида кузатилганда юлдузлар ва галактикалар бир-биридан доимий равишда узоқлашаётгани исботланди. Бу фалакиётшунослик тарихидаги энг муҳим кашфиётлардан бири ҳисобланади.
Мазкур муҳим кашфиёт Қуръони каримда ўн тўрт аср муқаддам хабар қилинган: “Осмонни қудратимиз билан бино қилдик ва, албатта, Биз уни кенгайтиргувчимиз” (Зориёт сураси, 47-оят).
Бугунги кунда олимлар коинот тахминан 13,5 миллиард йил аввал катта портлаш орқали йўқдан бор қилингани ҳақидаги назарияни қабул қилмоқдалар. Чунки 1992 йил НАСА томонидан юборилган КОБЕнинг (COBE – Cosmic Background Explorer – коинотнинг микротўлқинли фон (реликт) нурланишини ўрганиш учун фазога чиқарилган илк йирик сунъий йўлдош) сезгир сканерлари “Буюк портлаш” кейин бутун коинотга тарқалган нурланиш қолдиқларини аниқлади.
Хўп, реликт нурланиш нима ўзи? Замонавий астрофизикада “реликт нурланиш” деб аталадиган ҳодиса аслида коинотнинг яралиш лаҳзасидан қолган илоҳий асоратдир. Бу нурланиш коинотнинг ҳар бир нуқтасида мавжуд бўлиб, бизга олам тасодифан эмас, балки аниқ ирода ва режа асосида пайдо бўлганини хабар қилади.
Илмий доиралар коинотнинг яратилишини “Буюк портлаш” деб номласа-да, бу тасодифий ҳодиса эмас. Чунки оддий портлашларда фақат жисмлар атрофга сочилиб кетади ва ҳеч қандай тартиб юзага келмайди. Ҳолбуки, “Буюк портлаш” деб аталган яратилиш лаҳзасида ниҳоятда нозик, мукаммал тартибга эга бўлган коинот вужудга келган.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан