Раҳмат ва мағфират сўраб…
“Робби инний аъууз’у бика ан асъалака маа лайса лий биҳии ъилмув ва иллаа тағфирлий ва тарҳамний акум минал хоосирийн” (Ҳуд сураси, 47-оят).
Маъноси: «(Нуҳ) айтди: “Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман”».
Ушбу муборак дуони Нуҳ алайҳиссалом айтганлар. Аллоҳ таоло у зотнинг қавмига тўфон юборганида Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли ҳам кофирлар билан бирга ҳалок бўлган. Нуҳ алайҳиссалом ўғлини жуда яхши кўрардилар. Шу сабабли у зот Раббиларига: “Раббим! Ўғлим менинг аҳлимдан. Сенинг (оиламни сақлашга берган) ваъданг эса ҳақ ва Сен ҳукм қилувчиларнинг энг доноси (ва одили)сан” (Ҳуд сураси, 45-оят), деб мурожаат қилдилар.
Бу гаплар меҳр ва шафқат сўзлари эди. Лекин Аллоҳ таоло у зотга ҳақиқатни баён қилди: ҳақиқий аҳл – фақат иймон келтирганлардир. Иймонсиз инсон, ҳатто қариндош бўлса ҳам, бу ваъдага кирмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни билмаган нарсани сўрамасликка чақирди. Бу гапни эшитган Нуҳ алайҳиссалом дарҳол тушундилар ва Аллоҳдан кечирим сўрадилар.
Илёсхон АҲМАД тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws