Беҳуда ғазаб – келтирар азоб
Бугун жамиятимизда кузатилаётган кўплаб можаролар жаҳл ва ғазабга берилиш ортидан келиб чиқмоқда. Эр-хотин тортишиб жаҳл устидан бир-бирига оғир сўзлар айтиб, оилани пароканда қиляпти. Кўчада йўл талашган ҳайдовчилар ғазаб билан муштлашяпти. Мактабларда ўқувчилар жаҳл билан ёқалашяпти… Буларнинг оқибатида инсонлар озор чекиб, руҳий изтиробга тушяпти.
Агар киши ўзида куч топиб, ғазабини бошқара олса, муаммолар гирдобида қолмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Курашда енгган кучли эмас. Кучли деб ғазаби келганда ўз нафсига эгалик қила олган кишига айтилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ўзини назорат қила олган, иродали киши ҳақиқий кучлидир. Динимизда ғазаб инкор этилмайди, балки уни назорат қилиш ва тўғри йўналтириш маъқулланади. Унинг икки кўриниши бор: Аллоҳ розилиги учун ва нафс учун бўлган ғазаб. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам ғазабланган ҳолатлари кузатилган, аммо у зотнинг ғазаблари шахсий манфаат ёки нафс учун эмас, балки Аллоҳ таоло белгилаб қўйган аҳкомларнинг бузилганида намоён бўлган. Бу ҳолат Ислом ахлоқида ғазабнинг мутлақо рад этилмасдан, унинг сабабига катта аҳамият берилишини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким қодир бўлатуриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ олдида уни чақириб, “ҳури айн”дан бирини танлаш ихтиёрини беради” (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўради: “Ё Расулуллоҳ, мени Аллоҳнинг ғазабидан нима узоқлаштиради?” деди. Набийимиз алайҳиссалом: “Ғазабланма. Сени Аллоҳнинг ғазабидан узоқлаштирадиган нарса ғазабланмаслигинг”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Киши ғазабланганда ушбу ҳадисни эслаш орқали ғазабини тия олиши мумкин. Чунки Аллоҳнинг ғазабидан иймони тўкис одамгина қўрқади. Шундай экан, иродали бўлишга, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзимизни бошқаришга ўрганайлик. Илло, беҳуда ғазаб доим муаммоларга сабаб бўлади.
Эркин ГУЛМУРОДОВ,
Ангор тумани бош имом-хатиби
(Ҳ. Садриддинов уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws