Ота-она қарам бўлса, боладан нима кутасиз?
(Номофобия ёки қулайликлар ортидаги хатарлар)
Бугун ҳаётни телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Каттаю кичик – ҳамма уйғониши билан смартфонни очиб, хабарларни титкилай бошлайди. Энг ёмони, қарамликнинг бу кўриниши болалар орасида кенг тарқалаётганидадир.
Сўнгги йилларда “номофобия”, яъни инсоннинг телефонсиз қолишдан қўрқиши, у йўқ пайтда ўзини ноқулай, ҳатто хавотирли ҳис қилиши хасталиги кўпаймоқда.
Статистик маълумотларга қараганда, дунёда миллиардлаб инсонлар, айрим мамлакатларда аҳолининг ярмидан кўпи телефонга қарамлик ҳолатига тушиб бўлган. Бундай вазиятда болаларни бу таъсирдан ҳимоя қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Чунки улар гўдаклик чоғларидаёқ гаджетлар билан танишяпти.
Баъзи ота-оналарнинг бола йиғлаганида тинчлантириш учун унга телефон бериши ечим эмас, муаммони чуқурлаштиришдир. Чунки бу пайтда боланинг диққати реал мулоқотдан узилиб, экран орқали келаётган сунъий тасвирларга шўнғийди.
Психолог Шоира Исоқова таъкидлашича, бугунги болаларнинг телефонга қарамлиги шу тарзда давом этса, яқин беш йил ичида бу ҳолатнинг жиддий асоратлари яққол сезила бошлайди. Чунки гаджетлар боланинг психик ривожланиш босқичларига бевосита таъсир қилади.
Мутахассислар мультфильм ва видеоларни узлуксиз томоша қилиши болаларни фикрлашдан тўхтатишини исботлашган. Бола мустақил ўйлаш, таҳлил қилиш ўрнига тайёр тасвир ва овозларни қабул қилишга ўрганиб қолади.
Узоқ вақт экранга тикилиш кўзнинг чарчашига, кўриш қобилиятининг пасайишига ҳам сабаб бўлади.
Офталмолог Жамшиддин Сагдиев таъкидлаганидек, болаларнинг кўзи ҳали тўлиқ шаклланмагани учун экрандан чиқадиган нур уйқу гормони — мелатонин ишлаб чиқарилишини бузади. Натижада болада уйқусизлик, чарчоқ, диққат сусайиши каби муаммолар пайдо бўлади. Жисмоний зарарлар фақат кўз билан чекланмайди. Кам ҳаракатли ҳаёт тарзи болаларда семизлик, умуртқа поғонасининг қийшайиши, мушаклар ривожланишининг сусайишига сабаб бўлади. Ётган ҳолатда ёки нотўғри ҳолатда телефон ишлатиш эса келажакда жиддий ортопедик муаммоларни келтириб чиқаради.
Телефонга қарам болалар кўпинча жаҳлдор, сабрсиз бўлиб қолади. Улар реал ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишда қийналади, чунки виртуал дунёда барча нарса осон ва тез ҳал бўлади.
Қолаверса, телефонга берилиб кетган болалар тенгдошлари билан мулоқот қилишдан қочади. Улар учун виртуал дўстлар “қулайроқ”. Бу эса улғайиб жамиятда ўз ўрнини топишда уларга катта тўсиқ бўлади.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Болалар ўйнаётган ўйинлар зўравонлик, жанг, вайронкорлик ғояларига қурилган. Болалар бу ўйинлар орқали шундай хулқ-атворни нормал ҳолат деб қабул қила бошлайди. Шундай экан, бу муаммодан қандай чиқиш мумкин? Болани телефондан тўлиқ узиш тўғрими ёки бошқа ижобий ечими ҳам борми?
Мутахассислар таъкидлашича, энг тўғри йўл меъёрни сақлаш ва қатъий назорат ўрнатиш. Болаларга телефондан фойдаланиш маданиятини ўргатишда, аввало, ота-она ўрнак бўлишлари лозим. Ота-онанинг ўзи доим телефондан бошини кўтармас экан, боладан бошқача хулқни кутиб бўлмайди. Шунингдек, болалар билан кўпроқ суҳбатлашиш, бўш вақтларини бирга ўтказиш, жисмоний фаолиятларга жалб қилиш ҳам унинг телефони қарамлигига кучсизлантиришга ёрдам беради.
Болаларни кўпроқ сайрга олиб чиқиш, турли халқ ўйинлари, спорт, ижод, китоб билан машғул қилиш керак. Бошида бу ишлар осон бўлмаслиги мумкин, аммо вақт ўтиши билан бола ҳаётдан завқ ола бошлайди.
Болаларнинг ёшига қараб, масалан, кичик ёшдаги болаларга умуман телефон бермаслик ёки жуда чекланган вақтда, назорат остида фойдаланишга рухсат бериш мақсадга мувофиқ. Каттароқ ёшда эса вақтни аниқ белгилаш ва назорат қилиш жуда муҳим.
Демак, телефонни қулай ва керакли воситага айлантириш сизу бизнинг эътиборимизга боғлиқ. Телефон кимнинг қўлида ва қандай мақсадда ишлатилаётганига катта аҳамият бериш зарур. Акс ҳолда, гаджетлар болаларни жиддий хавф ва маънавий таназзулга бошлаши турган гап.
Дилфуза ШОМАЛИКОВА,
“Ғунча” журнали бош муҳаррири
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws