“Мағфиратидан умид киламан…”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аъробийнинг Каъба тавофида: “Ё Карим!” деб нидо қилаётганини эшитдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг ортидан:
– Ё Карим! – дедилар.
Аъробий мийзоб (тарнов) томон яқинлашиб яна:
– Ё Карим! – деди.
Орқасидан яна худди шу жавоб келди:
– Ё Карим! Шунда у ортига қараб, соддалик билан бундай деди:
– Эй нур юзли қадрдон. Мен аъробий бўлганим учун масхара қиляпсизми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум билан:
– Эй араб биродарим, Пайғамбарингизни танимайсизми? – дедилар.
Аъробий соддалик билан:
– Унинг пайғамбарлигига ишондим, лекин уни кўрмаганман. Унинг пайғамбар эканига иймон келтирдим, аммо у билан учрашмаганман, – деб жавоб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Эй аъробий! Билингки, мен дунёда сизнинг пайғамбарингизман, охиратда эса шафоатчингизман, – дедилар.
Аъробий яқин келиб, эҳтиром ва муҳаббат билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ўпди.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳикмат билан огоҳлантириб, бундай дедилар:
– Менга ажамлар ўз подшоҳларига қилган муомалани қилманг. Мен ҳақ ила юборилган пайғамбарман.
Шу онда Жаброил алайҳиссалом нозил бўлиб, Аллоҳнинг саломини етказди ва аъробийга бундай насиҳат қилди:
– “Бизнинг ҳилмимиз ва карамимиз уни алдамасин. Чунки эртага биз уни катта-кичик барча ишлари учун ҳисоб-китоб қиламиз”.
Аъробий ҳайрат билан сўради:
– Раббим мени ҳисоб қиладими? – Сўнг яна қалби умидга тўлиб бундай деди:
– Унинг иззати ва жалолига қасамки, агар У мени ҳисоб қилса, мен ҳам Уни “ҳисоб” қиламан!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикмат билан сўрадилар:
– Эй араб биродарим, Раббингизни қандай ҳисоб қиласиз?
У хотиржамлик билан жавоб берди:
– Агар У мени гуноҳларим учун ҳисоб қилса, мен Унинг мағфиратидан умид қиламан. Агар маъсиятларим учун ҳисоб қилса, мен Унинг афвидан умид қиламан. Агар бахиллигим учун ҳисоб қилса, мен Унинг карамидан умид қиламан.
Бу сўзлардан Расули акрам шунчалик таъсирландиларки, кўзёшлари муборак соқолларини ҳўл қилди…
Шунда Жаброил алайҳиссалом яна келиб, буюк хушхабарни етказди:
– Аъробийга айтинг: “Биз уни ҳисоб қилмаймиз. У жаннатда сизнинг ҳамроҳингиздир”.
Илёс АҲМАД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws