Аллоҳ таолонинг Басир сифати
Аллоҳ таолонинг Басир (басийр) исм-сифати “кўрувчи” деган маънони англатади. Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг Басир исми 42 марта зикр қилинган.
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло барча нарсаларни кўриб турувчи Зот экани таъкидланади.
Тафсир уламолари ушбу сифатни турлича изоҳлаганлар. Хусусан, Аллоҳ таоло бандаларининг барча амалларини кўриб туради, уларни сақлайди ва қиёмат куни уларга яраша мукофот ёки жазо беради.
Шунингдек, У кимнинг ҳидоятга, кимнинг залолатга лойиқ эканини ҳам аниқ билади. Аллоҳ таоло бандаларнинг нафақат амалларини, балки уларнинг ички ҳолатларини ҳам тўлиқ кўриб туради.
Аллоҳ таоло учун яширин ёки ошкора нарса ўртасида фарқ йўқ: тун зулматидаги майда ҳаракатлар ҳам, осмонлар ва Ернинг энг чуқур қатламлари ҳам Унинг кўришидан четда қолмайди.
Аллоҳ таолонинг кўриш сифати инсоннинг кўришига ўхшамайди. Инсоннинг кўриш қобилияти чекланган, вақт ва шароитга қараб ўзгариб туради.
Аллоҳ таоло эса азалий ва абадий равишда, ҳеч қандай чекловсиз кўради. Шунинг учун Аллоҳнинг сифатларини бандалар сифатларига қиёслаш мумкин эмас.
Аллоҳ таоло инсонларнинг амалларини кўриб туради ва қиёмат куни уларни адолат билан баҳолайди: солиҳларга савоб, фосиқларга жазо беради.
Ушбу ақидавий тушунча инсон ҳаётига ҳам муҳим таъсир кўрсатади. Агар инсон Аллоҳ уни ҳар доим кўриб турганига чин дилдан ишонса, у гуноҳ қилишдан тийилади ва ибодатларини ихлос билан адо этади.
Зеро, Аллоҳ таолонинг Басир – барча нарсани кўриб, кузатиб турганига тўлиқ иймон келтириш – Ислом ақидасининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.
Шўрчи туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Рўзимуҳаммад ВАҲОБОВ тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws