Дўстликдан сўнг душманлик ёмон
Қариндошлик ришталари боғлангандан сўнг узилиш, меҳрибонликдан сўнг жафо, дўстликдан сўнг душманлик нақадар ёмон!
Изоҳ. Қариндошлик алоқаларини мустаҳкам сақлаш, қариндошлардан узилиб кетмаслик мусулмон учун вожибдир. Чунки Аллоҳ таоло Раъд сурасида¹ айнан шу хусусиятни мўминлик белгиларидан бири сифатида санайди:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган — иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ — ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма олурлар. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар».
Кейинги оятларда эса бу ҳолатнинг зидди эслатилиб, унинг даҳшатли оқибатидан огоҳ этилади:
«Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир».²
Тошбағир, қўпол, дилозор, ҳар нарсага шубҳа билан қараб, тирноқ остидан кир қидираверадиган киши на бегоналар, на яқинлари билан мустаҳкам алоқада бўла олади. Бундай феълли кимсага лаънат еғилишидан огоҳ этиляпти. Лаънат — Аллоҳдан узоқлашишдир. Бунинг оқибати дўзах экани айтиляпти.
Мўминлик даъвосидаги инсон борки, у ўзига ўхшаган яна бир инсонга нисбатан тошбағир, қўпол, дилозор, душман табиатли бўлиши мумкин эмас. Чунки бу берган аҳд-паймонимизга, ҳидоятга зид феълдир.
Шунинг учун Аллоҳни таниган инсон доимо:
«Парвардигор, Ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин энди дилларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагил ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгил! Албатта, Сенгина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан!»³
деб дуо қилади.
Шунинг учун ҳам «қариндошлик ришталари боғлангандан сўнг узилиш, меҳрибонликдан сўнг жафо, дўстликдан сўнг душманлик»нинг ёмонлиги орттирма даражали сифат билан «нақадар ёмон» деб таъкидланяпти.
Ақаба ибн Омирдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқиб қолдим. Қўлларидан ушладим, у зот ҳам менинг қўлларимдан ушладилар ва дедилар:
— Эй Ақаба, дунё ва охират аҳлида бўладиган хулқларнинг энг афзалини сенга айтайми? Алоқасини узган қариндошинг билан боғлан, сендан ниманидир қизғанган кишига бер, сенга зулм қилган одамни кечир. Огоҳ бўл, кимки умри узайишини, ризқи кенгайишини хоҳласа, қариндошлари билан алоқани мустаҳкам қилсин».
Рашид ЗОҲИД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
¹ Раъд сураси, 19–21-оятлар.
² Раъд сураси, 25-оят.
³ Оли Имрон сураси, 8-оят.