Мазҳабсизлик – ўта хатарли бидъат
Бугунги кунда айрим кишиларнинг: “Бизга Қуръон ва суннатнинг ўзи кифоя, мазҳабга эргашиш бидъат”, деган даъволари қулоққа чалиниб қолади. Бир қарашда бу гап жозибадор кўринади. Чунки ҳар бир мусулмон Қуръон ва суннатга эргашиши лозим. Аммо савол шундаки, ҳар бир мусулмон Қуръон ва суннатдан бевосита ҳукм чиқариш даражасидами? Ҳар бир инсон мужтаҳид даражасига етмаган ҳолда шариат аҳкомларини мустақил равишда чиқара оладими?
Аслида мазҳабнинг илк кўриниши саҳобалар даврининг ўзида мавжуд бўлган. Тўрт машҳур мазҳаб имомлари – Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ динда янгиликни жорий қилмадилар, балки саҳобалар ва тобеинлар илмий меросларини тизимлаштирдилар. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳаммаси бир даражада фатво бермаганлар. Одамлар илм ва фатвода етук саҳобаларга мурожаат қилганлар. Масалан, Куфа аҳли кўпроқ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фиқҳий мактабига эргашган. У кишининг шогирдлари – Алқама ибн Қайс, Асвад ибн Язид, Иброҳим Нахаъий каби тобеинлар мазкур мактабни давом эттирдилар. Кейинчалик айнан шу илмий занжир Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига асос бўлди.
Худди шундай, Мадина аҳли кўплаб диний масалаларда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу каби билимдон саҳобаларнинг фатволарига эргашганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари ҳам ана шу Мадина фақиҳларининг илм ва амалий мероси асосида шаклланган.
Демак, фиқҳий мазҳаблар кейинчалик ўйлаб топилган янги йўл эмас. Балки улар саҳобаларнинг динни тушуниш ва унга амал қилиш йўлининг тобеинлар ва табаа тобеинлар орқали тартиб га солиниб, авлоддан-авлодга етказилган кўринишидир. Машҳур мазҳаб имомларининг ўзлари ҳам айнан шу йўлдан борганларини уларнинг сўзларидан кўриш мумкин. Жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабларининг асосларини бундай баён қилган: “Мен Аллоҳ таолонинг Китобини асос қилиб оламан. Агар ундан ҳукм топа олмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қиламан. У зотдан келган саҳиҳ ривоятлар ишончли ровийлар орқали кенг тарқалган бўлса, уларни қабул қиламан. Агар бу иккаласидан ҳам ҳукм топа олмасам, саҳобаларнинг сўзларига таянаман. Аммо масала Иброҳим Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан Басрий ва Ато каби тобеинларга келиб тақалса, мен ҳам улар каби ижтиҳод қиламан” (Маноқиб Аби Ҳанифа).
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳеч ким бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида илмга таянмасдан сўз айтиши мумкин эмас. Илмнинг манбаи эса Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдир”, деган (Маноқибул имам аш-Шофеъий).
Ушбу иқтибослардан маълум бўладики, мужтаҳид уламоларимиз ҳалол-ҳаром ва бошқа шаръий масалаларда шахсий хоҳиш ёки ақлий мулоҳазаларга эмас, балки аввало Қуръони карим ва суннати набавияга, шунингдек, ижмо ва қиёс каби шаръий далилларга таянганлар.
Тўрт мазҳаб имомлари буюк олим бўлибгина қолмай, ўз даврининг энг тақводор, суннатга энг маҳкам эргашган ва динни энг яхши англаган зотлар эдилар. Улар Қуръон ва суннат матнларини чуқур ўрганиб, саҳобаларнинг фаҳми асосида шариат аҳкомларини истинбот (чиқариб олганлар) қилганлар.
Аллоҳ таоло уларнинг илмий меросига барака берди ва уни уммат орасида кенг ёйилишини насиб этди. Натижада уларнинг фиқҳий мероси асрлар давомида мусулмонлар томонидан эҳтиёт корлик билан сақланди, тартибга солинди ва авлоддан-авлодга етказиб келинди.
Умматнинг мазкур мазҳабларга мурожаат қилиши аслида Аллоҳ таолонинг: “Агар билмасангиз, илм аҳлидан сўранглар” деган амрига биноандир. Қолаверса, мусулмонларнинг асрлар давомида машҳур тўрт мазҳабдан бирига эргашиб келиши Ислом умматининг фиқҳий бирлигини сақлаш, шариат аҳкомларини тартибли ва изчил равишда татбиқ этиш ҳамда ҳавойи нафс ва тартибсиз фатволарнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шунинг учун кейинги уламолар мужтаҳидлик даражасига етмаган мусулмон учун мазкур мазҳаблардан бирига эргашишни шарт деб ҳисоблаганлар.
Бу ҳақда ҳижрий XII асрда яшаб ўтган олим Шиҳобиддин Нафровий бундай деган: “Бугунги кунда бидъат мусулмонлар ўртасида Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ каби тўрт имомдан бирига эргашиш вожиб экани ва уларнинг мазҳабларидан чиқиш жоиз эмаслигига уламолар ижмо қилганлар” (Фавокиҳуд давоний).
Хулоса қилиб айтганда, фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш бидъат эмас, балки салафи солиҳлар Қуръон ва суннатни қандай тушунган бўлсалар, ўша манҳажга эргашишдир. Аксинча, асрлар давомида уммат тан олган илмий мактабларни рад этиб, ҳар кимнинг Қуръон ва суннатдан мустақил ҳукм чиқаришига даъват қилиш яқин тарихда пайдо бўлган, умматнинг бирдамлигига рахна солувчи бидъатдир.
Абдулатиф ТУРСУНОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан