МЎМИН – МЎМИННИНГ КЎЗГУСИ!
Динимизга кўра, мўмин инсон нафақат ўз шаънини, балки бошқа биродар ва яқинларининг ҳам обрў-эътиборини сақлайди. Уларни беҳурмат қилинишига йўл қўймайди. Бундай ҳолат юз берса, дарҳол ҳимоя қилади. Ана шунда у қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан баҳраманд бўлади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг юзини дўзахдан ҳимоя қилади”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Минг афсус, кейинги пайтларда инсонларнинг айбини ошкор қилиш, айниқса, видеога олиб, интернет тармоқларида тарқатиш, сохта обрў орттириш ҳолатлари кузатиляпти. Бу каби жирканч ишлар билан шуғулланаётган кимсалар бир кун келиб афсус қиладилар.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис келган: “Мусулмонларнинг айбини ахтар манг. Ким мўмин биродарининг айбини ахтарса, Аллоҳнинг Ўзи унинг айблари ни ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбларини ахтарса, уни уйининг ичида шарманда қилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Зеро, мўмин кишини изза қилиш, унинг ҳурматини тўкиш, таҳқирлаш, айбини ислоҳ қилиш ўрнига ҳаммага ошкор қилиш икки дунё хорлигига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанида бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалар эдилар. “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим. “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, деб жавоб берди”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, мусулмонлар бир-бирларини ғийбат қилмасликлари, бўҳтонлардан сақлашлари лозим. Агар бу иш қилинмаса, одамлар орасида ўзаро адоват авж олади.
Аслида мўмин киши бир-бирига кўзгу бўлиши керак. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинади: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Кўзгунинг учта сифати бор. У сирни жуда қаттиқ сақлайди. Яна бир хусусияти – айбни айбдорнинг ўзига кўрсатади. Бошқа ҳеч кимга кўрсатмайди. Худди шундай мўмин киши биродаридаги айбни унинг ёлғиз ўзига айтиб, насиҳат қилади. Айбини ҳамманинг олдида айтса, уни шарманда қилган бўлади.
Кўзгунинг учинчи хусусияти шундаки, у ҳеч нарсани хотирасида сақламайди. У фақат қараган одамнинг тасвирини кўрсатади. У кетиши билан тасвир ҳам йўқолади. Худди шундай, мўмин билан мўмин ўртасида бирор нохушлик содир бўлса, уни ҳаммага достон қилмайди, эсдан чиқаради. Чунки биродарига нисбатан кўнглидагина, адоват ва ғилли-ғашлик сақламаслиги керак.
Инсонлар ҳам кўзгу каби бўлиши лозим. Шундагина ўзаро муносабатларда турли тушунмовчиликларга дуч келмайди.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws