Мадина аэропорти кенгайтирилгандан сўнг йилига 18 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади
Саудия Арабистонидаги Мадина шаҳрида жойлашган Шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз номидаги халқаро аэропортни кенгайтириш лойиҳаси 2027 йил октябрь ойида якунланиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа аэропортнинг йиллик йўловчи қабул қилиш имкониятини яна 10 миллион кишига оширишга қаратилган. Натижада аэропортнинг умумий ўтказиш қуввати йилига 18 миллион йўловчини ташкил этади.
Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Президенти Абдулазиз ад – Дувайлий ҳаж масалаларига бағишланган VI конференция ва кўргазма давомида қурилиш ишлари якунланиши кутилаётган санани маълум қилди.
“Ислом пойтахти” интернет нашри хабар беришича, ушбу аэропорт Мадина шаҳрига ташриф буюрувчилар, умра зиёратчилари ва Масжидун Набавий меҳмонлари учун асосий халқаро ҳаво дарвозаси ҳисобланади.
“TAV Airports” компанияси маълумотларига кўра, лойиҳа доирасида ички рейсларга хизмат кўрсатиш учун янги терминал қурилади.
Шунингдек, мавжуд терминал йўловчилар оқими ортиб боришига мослаштирилиб, модернизация қилинади.
Аэропортни ривожлантириш режасига қўшимча инфратузилма объектлари ҳам киритилган. Жумладан:
- Аэропортга олиб борувчи йўлларни яхшилаш;
- Муҳандислик ва коммуникация тармоқларини янгилаш;
- Автотураргоҳларни барпо этиш ва кенгайтириш;
- Маъмурий бинолар қуриш.
“TAV Airports” компанияси маълумотларига кўра, лойиҳа босқичма –босқич амалга оширилади. Унинг умумий инвестиция қиймати 275 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган.
Эслатма: Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Мадина аэропорти йилига 18 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ҳаж ва умра зиёратчилари учун ҳаво транспорти имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати