ТАҲОРАТНИ БУЗАДИГАН ҲОЛАТЛАР ВА АМАЛЛАР
Таҳоратни бузадиган ишлар тўрт қисм бўлиб, уларнинг моҳиятини тушуниб олиш таҳоратни синдирувчи нарсаларни яхши ажратиб олишга ёрдам беради.
Биринчи қисм. Сабийлайни, яъни олд ва орқа аврат аъзоларидан чиқадиган одатий бавл, ахлат, ел ёки ноодатий қурт, тош (ўзи билан бирга нажосат ёки унинг намлигини олиб чиққани учун) таҳоратни бузади.
Эркак ва аёлнинг олд аъзосидан чиқадиган ел таҳоратни бузмайди. Лекин аёл кўп бола туққани ёки бошқа сабаб билан орқа ва олд аъзоси четлари туташган бўлса, чиққан ҳар қандай ел таҳоратни синдиради. Орқа аъзодан чиққани аниқ бўлса, таҳоратни қайта қилиши фарз, аниқ бўлмаса, мустаҳаб.
Агар ҳарорат ўлчагич орқа тешикка қўйилса ва унда намлик бўлса, таҳорат синади. Клизма қилиш ҳам таҳоратни синдиради. Аёл фаржига пахта қўйса, унинг ташқаридаги қисмига намлик етса, таҳорат бузилади. Олд авратидан келиб турадиган одатий ажралмалар ҳам таҳоратни бузади.
Иккинчи қисм. Сабийлайнидан бошқа жойлардан чиқадиган нажосатлар. Яъни танадан чиқадиган қон, йиринг, фасод (йиринг тури), қайт каби нарсалар ҳам таҳоратни синдиради. Лекин сут, кўз ёши, туфук, сўлак, мишиқ ва тер каби нажас бўлмаган нарсалар таҳоратни синдирмайди.
Бурун қонаши таҳоратни синдиради. Лекин қон буруннинг юмшоқ жойигача етиб келмаса, гарчи киши қонни ҳис қилса ҳам, таҳорат синмайди.
Баданда кесилиш ёки тирналиш сабаб қон чиқса, оқувчи қон саналади ва таҳоратни бузади. Агар қон тилинган жойда қотиб қолса, фақат кўринган ҳисобланади ва таҳоратни бузмайди.
«Агар яра бошида озгина қон кўринса ва уни қоғоз салфетка билан шимдириб олинса, қайта кўринса, яна шимдириб олинса, таҳорат кетадими?»
Ушбу саволга жавоб: салфеткага шимдириб олинмаганида яранинг бошидан чиқиб, атрофига ҳам ёйилиши мумкин бўладиган даражада қон чиқса, демак, таҳорат синади.
Олма тишланганда унда қон изи кўринса, таҳорат бузилмайди. Тишни тозалаганда чўткада қон изи кўринса ҳам, таҳорат бузилмайди. Оқувчи қон кўринсагина, таҳорат бузилади.
Тишнинг милкларидан қон чиқса ва бу қон сабаб туфук қизарса ёки туфук ва қон миқдори тенг бўлса, таҳорат бузилади. Агар туфук қизармаса, сарғайса, таҳорат бузилмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам уни туфлаб чиқариб ташлаш лозим. Ичига ютиш мумкин эмас.
Қулоқнинг эшитув йўлига қон чиқиши таҳоратни бузади. Эшитув йўли ичкарисидаги қонаш таҳоратни бузмайди.
Бурунни қоққанда бир бўлак қотган қон тушса, таҳорат синмайди.
Бадандан қанча миқдорда бўлса ҳам, қон олдириш таҳоратни бузади. Санчқи тиққанда баданга қон ёйилмаса-да, таҳорат синган ҳисобланади.
Қулоқ, кўз, киндик, бурун, кўкрак учидан оқадиган суюқлик агар ранги ўзгарган, йирингга ўхшаган бўлса, таҳоратни бузади. Агар ўзгармаган, оддий сув каби чиқса, таҳоратни бузмайди.
Кўз касалланса ва ёш, йиринг оқса, таҳорат бузилади.
Чивин каби қон сўрувчилар бир кишининг қонини сўрса, унинг таҳорати синмайди. Зулук қонни сўрганида унинг қорни шишса ва сўрган қони оқувчи даражага етса, таҳоратни бузади.
Икки аврат йўлидан чиққан қон оз бўлса-да, таҳоратни бузади. Бунда қоннинг оқувчан бўлиши шарт қилинмайди.
Аммо оғиз қонаса ёки милк қонаса ва бу қоннинг миқдори сабабли туфук қизарса, таҳорат ҳам бузилади. Бу туфукни ютган рўзадорнинг рўзаси ҳам бузилади.
Оғиз тўлдириб қайт қилганида қон тушса, таҳорат бузилади. Оғиз тўлдирмай қон қайт қилган кишининг таҳорати бузилиши борасида имомлар ихтилоф қилишган.
Қаттиқ қотиб қолган қон қайт қилса, оғзи тўлмаса, таҳорат бузилмайди. Оғзи тўлиб қайт қилса, бузилади.
Учинчи қисм. Ухлаган одамнинг таҳорати бузилади.
Агар ухловчи мақъадини, яъни думбасини ерга мустаҳкам ўрнаштириб, ҳеч нарсага суянмай ўтириб ухласа, таҳорати синмайди.
Яна думбасини қўйиб, бирор нарсага суяниб ухласа, суянган нарсаси олиб ташланганда йиқилиб кетмаса, таҳорати синмайди.
Ёнбошлаб ёки бир думбасига таяниб ухлаб қолган кишининг таҳорати синади.
Намозда қиёми, руку, сажда ва қаъдада ухлаган одамнинг таҳорати синмайди. Чунки бу ҳолатларда тана бўғинлари бўшашиб кетмайди.
Таҳоратни бузмайдиган ҳолатларда мизғиган кишининг уйқуси қаттиқлашиб, йиқилса-ю, ерга йиқилмай уйғониб қолса, таҳорати синмайди. Ерга йиқилиб уйғонса, таҳорати синади.
Шуни айтиб ўтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйқулари таҳоратни синдирувчи ҳисобланмаган.
Уйқуда ҳушдан кетиш, жунун каби амаллар таҳоратни синдиради. Маст бўлган кишининг ҳам таҳорати синади.
Тўртинчи қисм. Балоғатга етган кишининг руку ва саждаси бор, яъни жаноза ва саждаи тиловатдан бошқа намозларда қаҳқаҳа отиб кулиши намозни ҳам, таҳоратни ҳам синдиради.
Кулиш уч хил бўлади:
- Табассум — намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузмайди.
- Зиҳк — киши овозини ўзи эшитадиган даражада кулиши бўлиб, намозни бузади, таҳоратни синдирмайди.
- Қаҳқаҳа — намозхоннинг ёнидаги одам эшитадиган даражада кулиши. Бундай кулги намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузади.
Таҳоратдаги макруҳлар
Сувни юзга уриш; сувни эҳтиёждан ортиқ ишлатиш; сувни ўта кам ишлатиш; такрор масҳ қилиш; аъзоларни уч мартадан ошириб ювиш керак, деб эътиқод қилиш (бундай эътиқод қилмаса, зарурат чоғида уч мартадан ошириш жоиз) — таҳоратдаги макруҳ амаллардир.
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Сурайё ИБРАГИМОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан