Ғарбий Африка давлатлари ўртасида Қуръони карим ва суннати набавияни ёд олиш бўйича халқаро мусобақанинг иккинчи босқичи бошланди
Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Мавритания пойтахти Нуакшот шаҳрида Ғарбий Африка давлатлари ўртасида Қуръони карим ва суннати набавияни ёд олиш бўйича мусобақанинг иккинчи босқичи бошланди.
15 – 19 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур мусобақада 16 та давлатдан 160 нафар иштирокчи қатнашмоқда.
Мусобақа икки асосий йўналишни қамраб олади.
Биринчи йўналиш – Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш.
Ушбу йўналиш бешта турдан иборат:
- Қуръони каримни Шотибия тариқати бўйича етти мутавотир қироатда тўлиқ ёддан ўқиб бериш, қироат одоби ва тажвидга риоя қилиш ҳамда охирги ўн пора изоҳли таржимасини билиш.
- Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга тажвид ва изоҳли таржимани ўзлаштириш.
- Қуръони каримнинг кетма – кет келган 20 порасини ёддан ўқиб бериш ва охирги уч порадаги сўзлар таржимасини ёддан билиш.
- Қуръон каримнинг кетма – кет келган 10 порасини ёддан ўқиб бериш ва “Амма” пораси сураларнинг маънолари таржимасини ёддан билиш.
- Қуръони каримда кетма – кет келган 5 порани чиройли тиловат ва тажвид қоидалари асосида ёддан билиш.
Иккинчи йўналиш – Суннати набавияни ёд олиш
Ушбу йўналишда қуйидаги ҳадис китоблари асосида беллашувлар ўтказилади:
- “Ал-Луълуъ вал-маржон” – Имом Бухорий ва Имом Муслим иттифоқ қилган ҳадислар.
- “Ал-Муваттоъ” китобидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари.
- “Булуғул маром” китобидаги ҳадислар.
- “Умдатул аҳком” китобидаги ҳадислар.
- “Муҳимматул илм” китобидаги 153 та ҳадисни ёддан билиш.
Шунингдек, белгиланган йўналишларда ҳадис ровийлари бўлган саҳобаларнинг ҳаёти ва шахсиятини билиш, ғариб ҳадисларни ёд олиш шартлари ҳам қўйилган.
Мусобақада иштирок этаётган давлатлар
Мусобақада Ғарбий Африканинг қуйидаги 16 та давлати вакиллари қатнашмоқда, улар:
- Мавритания
- Того
- Бенин
- Буркина-Фасо
- Кабо-Верде (Яшил Бурун ороллари)
- Кот-д’Ивуар
- Гамбия
- Гана
- Гвинея
- Гвинея-Бисау
- Либерия
- Мали
- Нигер
- Сенегал
- Сьерра-Леоне
- Нигерия
Қуръон ва суннатга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад – мусулмон ёшларни Аллоҳнинг китобини ёд олиш, уни англаш ва тафаккур қилишга рағбатлантириш, Қуръон ҳофизлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ёш авлод қалбида Қуръони карим ва суннати набавияга муҳаббатни мустаҳкамлашдан иборат.
Шунингдек, етти қироатни асраб – авайлаш ва уларни пухта ўзлаштириш, суннати набавияни кенг тарғиб қилиш ҳамда Қуръон ва саҳиҳ суннатга асосланган салафи солиҳлар йўлини мустаҳкамлаш ҳам мусобақанинг муҳим мақсадлари сирасига киради.
Мазкур мусобақа Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Мавритания Ислом ишлари ва диний таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Манба: “IQNA” ахборот агентлиги, ахборот сайтлари.
И.Аҳмедов таржимаси