Лондонда исломий санъат асарлари кимошди савдосига қўйилади
«Апполло» (Apollo Art Auctions) санъат асарлари кимошди савдоси уйи 2026 йил 20 ноябрь куни Лондон марказида исломий ва ҳинд санъатига бағишланган махсус кимошди савдосини ўтказишини эълон қилди.
«Шаҳзода тўплами» (The Prince Collection) деб номланган мазкур савдода металл буюмлар, кулолчилик маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, суратлар, қурол-яроғ ва ҳимоя воситалари каби муҳим санъат намуналари тақдим этилади.
Кимошди савдосида ислом олами ва Жанубий Осиёнинг бадиий анъаналарини намоён этувчи, жумладан, Хуросон санъати, Усмонийлар империяси ва Бобурийлар Ҳиндистонига оид асарлар ўрин олади.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, тўпламдан жой олган нақшинкор пўлат буюмлар, кулолчилик намуналари, безакли қуроллар ва ноёб заргарлик буюмлари ислом ва ҳинд цивилизацияларининг юксак техник маҳорати ҳамда бадиий ранг-баранглигини акс эттиради.
Темурийлар ёки туркманлар даврига оид жангчи дубулғаси

Ислом тарихида қуролларга диний мазмундаги ёзувларни битиш кенг тарқалган бўлиб, бундай ёзувлар орқали қурол эгаси Аллоҳдан ҳимоя ва мадад сўраган.
Маълум қилинишича, мазкур дубулға ўтган асрнинг 80 – йилларида Германиядаги хусусий тўпламлардан бирида сақланган.
Усмонийлар даврига оид нақшинкор болта

Шунингдек, кимошди савдосида тахминан 1700–1900 йилларга оид олтин нақшлар ва арабча битиклар билан безатилган Усмонийлар даври пўлат болтаси ҳам тақдим этилади. Болтанинг яримой шаклидаги тиғи ўсимликсимон нақшлар ва хаттотлик ёзувлари билан безатилган.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, унда “Наср Аллоҳдандир” ва “Мулк Аллоҳникидир” мазмунидаги иборалар битилган.
Бундай болталар отлиқ жангчилар томонидан ҳарбий мақсадларда ишлатилган. Айни пайтда, қимматбаҳо ва нафис безатилган намуналар ўз эгасининг ҳокимияти, нуфузи ва ижтимоий мавқеини ифодаловчи рамз ҳам бўлган.
Манба: «IQNA» ахборот агентлиги.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати