ТАВБАНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ АЛОМАТЛАРИ
Уламолар амалларнинг қабул бўлишида баъзи белги ва аломатлар борлигини айтиб ўтганлар. Ушбу белги ва аломатлар билан амал қабул бўлгани умид қилинади.
Уламолар айтишича, гуноҳда бардавом бўлиш ёмонлик белгиси. Гуноҳ қилгандан кейин яна гуноҳ ишларда давом этиш ўша гуноҳнинг жазоси ҳисобланади. Яхшиликдан сўнг яна яхшиликда давом этиш эса шу яхшиликнинг мукофоти бўлади. Бир солиҳ амалдан кейин яна шундай ишга иккинчи марта тавфиқ берилиши биринчи амалнинг қабул бўлгани аломатидан. Чин тавба қилган кишининг қалбида синиқлик пайдо бўлиб, юзида қалбига кирган тавбанинг нури балқийди. Тавба қилувчи инсон ҳаётида албатта тавбасининг асарини, тавба туфайли ҳаётига, молига ва оиласига барака кирганини кўради. Қилаётган ишларида унум бўлади. Ёмонликлардан узоқ бўлиб, яхшиликларга рағбати зиёдалашиб боради. Бир сўз билан айтганда, ҳаёти тақво ва ибратга тўла бўлади.
“Аллоҳ тақводорлардан қабул қилур” (Моида сураси, 72-оят).
Қуйидаги ҳолатлар ҳам тавбанинг қабул бўлганидан дарак беради. Тавбанинг шартларини ҳам улар қаторига қўшсак бўлади:
– тавбани ихлос билан қилиш;
– қилган гуноҳи учун дилдан қаттиқ надомат чекиш;
– тавбадан кейин гуноҳни тарк этиш ва унга қайтмасликка азму қарор қилиш;
– агар тавба ҳақларга оид бўлса, уни ўз эгаларига қайтариш;
– Аллоҳ таолонинг кўриб-эшитиб турганини ҳар доим ҳис қилиш;
– Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш;
– ноумид ва тушкун ҳолатга тушмаслик;
– тавба қилишга шошилиш. Бунинг акси ёмонлик белгиси ҳисобланади;
– қалбда гуноҳ қилишга майл ва хоҳиш бўлмаслиги;
– тавбани кундалик вазифага айлантириш;
– тавба қилгани учун қалбида шодлик ҳиссини туйиш;
– яна такрор гуноҳ содир этишдан хавф қилиб туриш;
– яхши хулқли кишилар билан юриш ва ёмон феълли кишилардан узоқ туриш;
– кўп истиғфор айтиш;
– ҳар доим тавбаси қабул бўлишини сўраб дуо қилиш;
– тавба қилганидан кейинги ҳолати олдинги ҳолатидан яхши бўлиши.
“Эй бандаларим” асаридан
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 6-сонидан олинди.
http://hidoyatuz.taplink.ws