БУ ДУНЁНИНГ МОҲИЯТИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:
عن المُسْتَوْرِد بن شَدَّاد رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: ” مَا الدُّنْيَا في الآخِرَةِ إلا مِثْلُ مَا يَجْعَلُ أَحَدُكُمْ أُصْبُعَهُ في اليَمِّ ، فَلْيَنْظُرْ بِمَ يَرْجِعُ؟” (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ).
яъни: Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳга қасамки, дунё — охират (олдида) сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди, қарасин-чи, нима билан қайтибди?!” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадис орқали Набий алайҳиссалом бу дунёнинг ўткинчи ва арзимас экани ҳамда ҳақиқий ҳаёт охират диёрида бўлишини гўзал ўхшатиш билан ифодаламоқдалар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг каломида шундай деган:
وَمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا لَهْوٌ وَلَعِبٌ وَإِنَّ الدَّارَ الْآخِرَةَ لَهِيَ الْحَيَوَانُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
яъни: “Бу дунё ҳаёти фақат (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир” (Анкабут сураси, 64-оят).
Демак, ҳеч бир банда бу дунёда эришган ютуқлари, обрў ва мол дунёси билан ғурурланмаслиги, ҳаётда қийинчилик ва танг ҳолга тушган киши эса ўзининг ҳолатидан шикоят қилиб, жазавага тушмаслиги, балки, ҳар икки шахс ҳам бу дунё ўткинчилигини унутмаслиги лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar