ЭРТАЛАБ ВА КЕЧ КИРГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Эрталаб ва кучқурун ўқилиши фазилатли саналган дуо ва зикрлар борасида жуда кўп саҳиҳ ҳадислар бизгача етиб келган. Ҳатто уламоларимиз ушбу дуоларни жамлаб, алоҳида китоблар ҳам тасниф этишган. Қуйида шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
أبي هريرة رضي الله عنه قال: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم: إِذَا أَصْبَحَ يَقُولُ: “اَللَّهُمَّ بِكَ أَصْبَحْنَا وَبِكَ أَمْسَيْنَا وَبِكَ نَحْيَا وَبِكَ نَمُوتُ وَإِلَيْكَ اَلنُّشُورُ وَإِذَا أَمْسَى قَالَ مِثْلَ ذَلِكَ إِلَّا أَنَّهُ قَالَ: وَإِلَيْكَ اَلْمَصِيرُ” (أخرجه الأربعة).
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида: “Аллоҳумма бика асбаҳнаа ва бика амсайнаа ва бика наҳя ва бика намууту ва илайкан нушуур”, – дер эдилар. Кеч кирганида ҳам ҳудди шундай (яъни “Аллоҳумма бика амсайнаа ва бика асбаҳнаа ва бика наҳя ва бика намууту ва илайкал масийр”, – дер эдилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можалар ривоят қилишган).
Ушбу зикрнинг маъноси: Эй Аллоҳ, Сенинг номинг ила тонг оттирдик, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила вафот этамиз. Сенга қайтажакмиз.
Шунингдек, эрта тонгда ва кеч кирганда қуйидаги зикрни ўқиш ҳам улкан фазилатларга етиштириши кўплаб ҳадиси шарифларда таъкидланган. Жумладан:
عَنِ الْمُنَيْذِرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: “مَنْ قَالَ إِذَا أَصْبَحَ: رَضِيْتُ بِاللهِ رَباً وَبِالْإِسْلاَمِ دِيْناً وَبِمُحَمٍّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَّ نَبِياًّ فَأَناَ الزَّعِيْمُ لَآخُذَنَّ بِيَدِهِ حَتَّى أُدْخِلَهُ الْجَنَّةَ” (رواه الإمام الطبراني).
яъни: Мунайзир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. У Зот айтадилар: “Ким ҳар тонгда “Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин набийян”, – деса, мен уни қўлидан ушлаб жаннатга олиб киришга кафилман”, – дедилар (Имом Табароний ривояти).
Мазкур дуонинг маъноси: “Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммад (алайҳиссалом)ни пайғамбар деб, рози бўлдим”.
Қуйидаги дуо эса кишига ҳар хил зарар ва бало етмаслиги учун сабаб бўлиши ваъда қилинган:
عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : “مَا مِنْ عَبْدٍ يَقُولُ فِي صَبَاحِ كُلِّ يَوْمٍ وَمَسَاءِ كُلِّ لَيْلَةٍ بِسْمِ اللَّهِ الَّذِي لَا يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ لَمْ يَضُرَّهُ شَيْء” (رواه الإمام الترمذي).
яъни: Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Қайси банда ҳар куни тонг ва кечқурунда “Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас самийъул алийм”ни уч марта айтса, (Аллоҳнинг қудрати билан) унга бирор нарса зарар етказмайди” (Имом Термизий ривояти).
Мазкур дуонинг маъноси: “Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир”.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу дуо ва зикрлар шариатимизда мустаҳаб амал саналади. Унда ваъда қилинган ажру мукофотларга Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни ўз вақтида бажариш баробарида эришилиши кўпчилик уламолар томонидан таъкидланган. Демак, шариатимиз кўрсатмаларига амaл қилиш билан бирга мазкур дуоларга ҳам одатлансак мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar