МУЛКИДА БЎЛМАГАН НАРСАНИ СОТИШ
САВОЛ: Бир одам салонга Дамас олиш учун навбатга ёзилган ва 85% тўловни тўлаган. Машина чиқмасдан олдин бошқа шахсга сотиб пулини бошқа машинага тўлов қилиб қўйибди. Шу савдо дуруст бўладими?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу савдо дуруст эмас, чунки бу ерда киши ўзининг мулки бўлмаган нарсани сотмоқда.
Динимизда, пулни нақд бериб, маҳсулотни кейин етказиб бериш савдосини “салам” савдоси дейилади (Салам савдоси ҳақида қуйида ўқинг: https://t.me/diniysavollar/398.). Агар машинани 100% тўлови қилинганда салам савдосига тўғри келарди, лекин шунда ҳам салам маҳсулот (товар)ини қўлга олмасдан ўзгага сота олмайди. Бундан ташқари барча савдоларга тегишли қуйидаги умумий қоида бор:
لا يجوز بيع المنقول قبل القبض، ويجوز بيع العقار قبل القبض
яъни: “Кўчадиган маҳсулотларни (сотувчи ва харидор савдо битимини тузган бўлсада) қўлга киритишдан аввал сотиш жоиз эмас. Кўчмас мулкларни эса қўлга олмасдан ҳам сотиш жоиз”.
Салам савдосида пулнинг ҳаммасини сотувчи ва харидор ажралиб кетишларидан аввал тўланиши керак. Агар пулнинг бир қисми тўланса, бўлинадиган нарсаларда (масалан арпа, буғдой), маҳсулотнинг пули тўланган қисмида салам дуруст бўлади ва пули тўланмаган қисмида эса ботил бўлади (“Ҳидоя”, “Ихтиёр” ва “Мухтасарул виқоя” китоблари).
Саволдаги каби бўлинмайдиган маҳсулот, яъни автомашинага тўлиқ эмас 85% тўлов қилгани учун салам савдоси фосид бўлиб, токи машина салонга келиб, харидор қолган 15% ни тўлагунча бу фақат бир ваъдалашув бўлиб туради. Ваъдалашувнинг ўзи билан машина харидорнинг мулкига кирмайди. Мулкида бўлмаган нарсани эса сотиш дуруст эмас.
Демак, харидор ҳали мулкига кирмаган ёки қўлига олмаган машинани бошқа шахсга сотиши ботил (бекор) савдо бўлиб, бу савдода сотувчининг пулга, харидорнинг машинага эга бўлиши каби ҳукмлар юзага чиқмайди. Сотувчининг қўлидаги машинанинг пули омонат бўлиб туради ва уни эгасига қайтариш керак бўлади.
Бу масалага ечим сифатида шуни таклиф қилиш мумкинки, биринчи шахс ё машина чиқишини кутиб, уни қўлга киритгандан кейин ўзгага сотсин, ёки бошқа шахсдан кераклича қарз олиб уни яна бошқа машинага тўлайди. Биринчи машинаси чиққанда қарз берган кишига, ўзаро келишув ва розилик билан, қарзини машина билан ўтайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar