ШАЙТОННИНГ ҲИЙЛАЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Инсониятнинг отаси Одам алайҳиссалом яратилгандан бери Шайтон одам зотига душманлик қилади. Уларни турли йўллар билан адаштириш ва ўзининг ортидан дўзахга олиб кетиш пайида бўлади. Бунинг учун турли-туман йўллардан фойдаланади. Шайтон ҳийлаларидан огоҳ бўлиш унинг тўрига тушиб қолмаслигимиз учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифда етарлича кўрсатмалар мавжуд. Қуйида Қуръони каримда зикр қилинган шайтоннинг баъзи ҳийлаларини айтиб ўтамиз:
1. Шайтон инсонни камбағаллик билан қўрқитади, фаҳшга буюради.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُمْ بِالْفَحْشَاءِ وَاللَّهُ يَعِدُكُمْ مَغْفِرَةً مِنْهُ وَفَضْلًا وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 268-оят).
2. Маст қилувчи ичимликлар, қимор, бутпарастлик, фолбинлик шайтон амалларидан бўлиб, булар одамларни адаштиришда шайтоннинг воситалари бўлади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91-оятлар).
3. Шайтон одамларга авратларини очишни буюради.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
فَوَسْوَسَ لَهُمَا الشَّيْطَانُ لِيُبْدِيَ لَهُمَا مَا وُورِيَ عَنْهُمَا مِنْ سَوْآَتِهِمَا
яъни: “Сўнгра шайтон уларнинг ёпилган авратларини очиб юбориш (шарманда қилиш) учун иккиси (Одам ва Ҳавво)га васваса қилди…” (Аъроф сураси, 20-оят).
4. Шайтон мўминларга қарши курашаётганларнинг амалларини ўзларига чиройли кўрсатади ва уларга “Сизлардан ғолиб келадигани йўқ”, дейди.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Ўшанда шайтон уларга (мушрикларга) қилаётган ишларини зийнатли қилиб кўрсатиб: «Бу кун одамлар ичида сизларга ғолиб келадигани йўқ. Мана, мен ёнингиздадирман!» – деди. Икки тўп (лашкарлар) тўқнашганда эса (шайтон) ортига чекиниб: «Мен сизлардан безорман. Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраяпман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир», – деди” (Анфол сураси, 48-сура).
5. Шайтон инсонга муҳим нарсаларни унуттиришга ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ فَأَنْسَاهُ الشَّيْطَانُ ذِكْرَ رَبِّهِ فَلَبِثَ فِي السِّجْنِ بِضْعَ سِنِينَ
яъни: “Икковидан халос топувчи деб ҳисоблаган (соқийга Юсуф): «Хожанг (Миср шоҳи) ҳузурида менинг тўғримда гапир!» – деди. Лекин шайтон хожасига айтишни унуттирди. Натижада (Юсуф) бир неча йил зиндонда қолди” (Юсуф сураси, 42-оят).
قَالَ أَرَأَيْتَ إِذْ أَوَيْنَا إِلَى الصَّخْرَةِ فَإِنِّي نَسِيتُ الْحُوتَ وَمَا أَنْسَانِيهُ إِلَّا الشَّيْطَانُ أَنْ أَذْكُرَهُ وَاتَّخَذَ سَبِيلَهُ فِي الْبَحْرِ عَجَبًا
яъни: “У (Ювшаъ) айтди: “Буни кўринг, биз (денгиз соҳилидаги) қояга бориб (ором олган) пайтимизда, мен балиқни унутибман. (Буни сизга) айтишни фақат шайтон ёдимдан чиқарди. У (балиқ) денгизга йўл олибди, ажабо!” (Каҳф сураси, 63-оят).
6. Шайтон ака-ука, биродарлар ўртасига душманчилик суқишга уринади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“У (Юсуф алайҳиссалом) деди: «Эй, отажон! Мана шу (кўп йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Раббим уни рост қилди. Дарҳақиқат, у менга яхшилик қилди – мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан акаларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни саҳродан (Мисрга соғ-саломат ҳолингизда) келтирди” (Юсуф 100-оят).
7. Шайтон инсонни устидан ҳукмини ўтказа олмайди, у фақат қизиқтиради ва инсон унга эргашади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Қачонки, иш битгач (яъни жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон дейди: «Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен ҳам ваъда бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чорладим. Сизлар менга ижобат этдингиз” (Иброҳим сураси, 22-оят).
8. Исроф қилувчилар шайтоннинг биродарларидир.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا
яъни: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 27-оят).
9. Шайтон инсонга ёлғон ваъдалар – ғурур беради.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Улардан кучинг етган кимсани овозинг (васвасанг) билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, бойликлари ва фарзандларида уларга шерик бўл (уларни ҳаромдан орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъда бер!». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов нарсаларнигина ваъда қилур” (Исро сураси, 64-оят).
10. Шайтон инсонга кофир бўлишни буюради, кофир бўлгач эса, мен сендан безорман деб ташлаб қочади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
كَمَثَلِ الشَّيْطَانِ إِذْ قَالَ لِلْإِنْسَانِ اكْفُرْ فَلَمَّا كَفَرَ قَالَ إِنِّي بَرِيءٌ مِنْكَ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ رَبَّ الْعَالَمِينَ
яъни: “(Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Қайсики, у инсонга: «Кофир бўл!» – дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): «Мен сендан безорман. Зеро, мен (барча) оламлар Парвардигори – Аллоҳдан қўрқаман», – дейди (ва инсонни тарк этади)” (Ҳашр сураси, 16-оят).
Эътибор бериб қаралса, шайтон ҳийлаларидан қутилиш йўллари мазкур оятларнинг баъзиларида зикр қилинган. Айримларининг чоралари эса бошқа оят ва ҳадисларда келади. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar