ЎЗГАЛАРНИНГ АЙБИНИ ОШКОР ЭТИШ
CАВОЛ: Адашган, бевақт она бўлган қизлар ҳақида уларнинг шахсини ошкор қилувчи ахборотлар турли манбаларда турлича тарқатилмоқда. Бу каби махфий тутилиши лозим бўлган ахборотни тарқатувчилар ҳақида қонуний жавобгарлик бор. Айб иш содир этган кишилар ҳақида ахборотларни ошкор қилишга динимизда қандай муносабат билдирилади?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қизларимизнинг никоҳсиз фарзанд кўриши минг йиллардан бери Ислом динига амал қилиб, дунё халқларига ҳаё, ахлоқ-одоб масаласида ўрнак бўлиб келган мусулмон халқимиз учун жуда хижолатли ҳолатдир. Оиладаги тарбияда фақат моддий томонга эмас, балки маънавий тарбия: дин-диёнат, одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо масалаларига ҳам эътибор қаратиш жуда муҳим. Шундагина юқоридаги каби ҳижолати ишлардан халос бўлишнинг иложи бўлади.
Динимизда яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш муҳим асослардан бири ҳисобланади. Жамиятда бўлаётган ёмон ишларга ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак. Бирор кишини гуноҳ ёки жиноят қилаётган ҳолда кўрилса, уни бу йўлдан қайтариш зарур бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
” من رأى منكم منكرا فليغيره بيده فإن لم يستطع فبلسانه فإن لم يستطع فبقلبه وذلك أضعف الإيمان ” (رواه مسلم عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)
яъни: “Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир” (Имом Муслим ривоятлари).
Лекин айбдорни ёмонликдан қайтармоқчи бўлган инсон бу ишни уни изза қилмасдан, обрўсини тўкмасдан бажариши керак. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бир кишига жамоат олдида танбеҳ бермасдилар. Балки у зотга хуш келмайдиган иш бўлса, жамоатга умумий қилиб: “Одамларга нима бўлдики, фалон-фалон ишни қилмоқдалар!” – деб танбеҳ берардилар ёки биродарингизга айтинг бу ишни қилмасин, деб огоҳлантирардилар.
Исломдаги умумий қоида, бўлиб ўтган ишларда иложи борича мўмин-мусулмонларнинг айбини беркитишга ҳаракат қилинади. Чунки банда хатокор, ҳеч ким айб иш қилишдан холи эмас. Бунинг устига айб иш қилган киши тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг наздида гуноҳидан покланган бўлса, уни ноҳақ айблаш бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
ومن ستر مسلماً ستره الله يوم القيامة. (رواه البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه).
яъни: “Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади”. (Имом Бухорий ривоятлари). Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
من ستر عورة أخيه المسلم ستر الله عورته يوم القيامة، ومن كشف عورة أخيه المسلم كشف الله عورته، حتى يفضحه بها في بيته (رواه ابن ماجه عن عبد الله بن عباس رضي الله عنه)
яъни: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади” – дейилади. (Имом Ибн Можа ривоятлари)
Бунинг устига динимизда ўзгани зинода айблаш масаласи ўта нозик. Шаръан, тўртта гувоҳликка ярайдиган киши кўзи билан зино бўлиб турганини кўрмагунча, шаръий жазо белгиланмайди. Бирор шахсга зинокорсан деган одам сўзини исботлай (яъни, юқоридаги каби тўртта гувоҳ келтира) олмаса, унинг ўзига жазо тайинланади. Мусулмон кишининг ҳар бир айтган сўзи эътиборли ва масъулиятлидир. Шунинг учун ноҳақ сўз ва айблов учун дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгарлик бор.
Ҳар нарсада ҳам чегара бўлгани каби, киши ўзгаларга озор, бузғунчилик, ошкора фосиқлик билан танилган бўлса, унинг ҳолини одамларга очиб, уларга маълум қилиш лозим бўлади. Чунки одамлар унинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлишлари янаям фойдали ишдир.
Бу мавзуга тегишли яна бир масала, ҳеч кимга мусулмонларнинг айбини пойлаб юриш, жосуслик қилиш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Жосуслик қилманг” – деб очиқчасига бу ишдан қайтаради (Ҳужурот сураси, 12-оят). Демак ўзгаларнинг айбларини ахтариб, жосуслик қилиб юриш динимизда катта гуноҳ саналади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar