Мақолалар

Куёв   жаноблари

Чоп этилди Fevral 2, 2019 Куёв   жаноблариda fikr bildirishni o'chirish

Мажмуаъл-Анҳор соҳиби Муҳаммад ибн Сулаймон «Куёв жаноблари» номи билан машҳур эди. У талабалик даврида ярим кечаси шам нурида дарс тайёрлаб ўтирар экан, эшик тақиллаб қолибди. Бемаҳалда келган ким экан, деган хавотир билан дарҳол эшикни очибди. Қараса, қаршисида ёш, ниҳоятда гўзал қиз турибди. Мусофир йўлдан адашиб, бу атрофда ёруғлик кўринган ягона уй эшигини тақиллатишга мажбур бўлганини айтибди ва бир кечага қўним сўрабди.

Ёш талаба келган меҳмонни ортга қайтаришни, қоронғу ҳамда совуқ тунда кўчада қолдиришни эп кўрмай, ноилож қизни ичкарига киритибди. Унга ҳордиқ чиқариш учун жой кўрсатиб, тонггача дарс тайёрлашда давом этибди. Қиз қўрқиб, уялиб талабани кузатар экан, унинг бир ҳаракатига ҳайрон қолибди: йигит ҳар замон-ҳар замонда бармоғини бир муддат ёниб турган шам оловига тутиб олаётган экан. Бу ҳаракатни қайта-қайта такрорлабди. Шу тахлит тонг отибди.

Кун ёришгач, меҳмон бу ердан чиқиб йўлини аниқлабди ва уйига етиб олибди. У Усмонийлар давлати вазирларидан бирининг фарзанди экан. Сарой аҳли қизни тун бўйи қидириб тополмаганликларидан хавотир-қўрқувда эканлар,  қаерда тонг оттирганини сўрабдилар. Ёш қиз бошидан ўтган воқеаларни, кўрганларини, хусусан, талабанинг ҳаракатларидан ҳайратланганини сўзлаб берибди. Вазир қизига ёрдам берган йигитни саройга таклиф этибди. У йигитдан нима учун бот-бот қўлини куйдиргани сабабини сўрабди. Ориятли йигит: «Йўлини йўқотган бечора мусофирни ташқарида ёлғиз қолдира олмас эдим, шу сабаб кулбамга киритдим. Нафсимнинг ҳийлаларига алданмаслик учун қўлимни ора-сира оловга тутиб турдим. Зеро, олов менга дўзах оташини эслатиб турди. Ҳар сафар шайтон васвасага солганида, бармоғимни оловда куйдириб, гуноҳга қўл уришдан сақланиб қолдим»,  дебди.

Йигитнинг орияти, ахлоқи, оҳиратга ишончи вазирни лол қолдирибди. Шу тариқа фақир талаба йигит «Куёв жаноблари» мақомига эришибди.

 

Раҳматилло МАДАМИНОВ,

Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Эшонгузар”   масжиди   имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 1-сонидан