Мақолалар

Йўлингиз отамерос бўлса ҳам хавфсизлигингиз тарбиянгизга боғлиқ

Чоп этилди May 27, 2021 No Comments

Ўтган ҳафтамиди Қашқадарёда автоҳалокатдан  7 киши ҳалок бўлганди. Тунов куни Ангренда яна автоҳалокат содир бўлди ва 7 киши ҳалок бўлди. Ўлганларнинг ортидан бола-бақраси чинқириб қолаверди.

Шунга ўхшаган даҳшатли автоҳалокатлар ҳақида ҳар куни хабар чиқаверганидан кейин жамоатчиликнинг ташвиши кучайди.

Нега кучаймасин, эрталаб уйидан соппа-соғ чиқиб кетган одамнинг бирор соат ўтар-ўтмас суяклари синиб кетган майити қайтиб келса!..

Бундай ҳалокатларнинг сабабларини ҳар ким ўз билганича қидирмоқда: бири камерачилар ҳам керак экан, деса; иккинчиси, ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларини билмаслигини айтмоқда; учинчиси эса йўлларнинг носозлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Бу гапларнинг ҳаммасида жон бор. Лекин асосий сабаб эса битта: бизда ҳайдовчилик маданияти, йўлда юриш маданияти етишмайди. Мана кеча шом вақтида ишдан қайтаётган эдик. Катта Фарғона йўлининг Толариқдаги чорраҳасида светофорга қизил чироқда ҳамма машина тўхтаб турибди. Шу вақтда бир “спарк” светофор қип-қизил бўлиб турган чоқда камида 100 километр тезликда ўтиб кетди. Тасаввур қилинг, шом вақти – кўз яхши илғамайдиган пайт. Шу чоқда яшил чироқ ёнган тарафдан бир машина чорраҳага кириб, унинг йўлида пайдо бўлиб қолса нима бўлади?

Ана энди айтинг-чи, ўша “спарк”нинг ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғи тўхташ белгиси эканини билмайди, деб ўйлайсизми?!

Эрталаб Қуйлиқ бозори ёнидаги кўприкнинг усти тирбанд бўлади. Айниқса, йўл қурувчилар уни таъмирлаётганга ўхшаб, бетон тўсиқларни алюминга ўхшаган нарсага икки ойдан бери алмаштираётган вақтда. Шунда баъзи учарлар қарши тарафга ҳаракатга чиқади ва қарши томондан келаётган ҳайдовчиларни ёмон шоштиради.

Ана шу учарлар қарши томонга қараб ҳаракатланиш мумкин эмаслигини билмайди, деб ўйлайсизми?!

Куни кеча бир одам “эпика”ни маст бўлиб ҳайдаб ҳалокатга учради.

Ана шу одам маст ҳолда рулга ўтириш мумкинлигини билмайдими?!

Илгарироқ бир сабаб бўлиб машҳур рассом Ольга Жолдасованинг қизининг машинасига ўтириб қолдик.  Машина пойтахтнинг қоқ марказида йўлнинг ўртасидаги бир чуқурга (бундайроқ жарлик десангиз ҳам ҳаққингиз кетмайди) тарс этиб тушди. Хаёлимга машина бечора буралиб кетгандек бўлди, ўзиям. Оля опа биздан хижолат бўлиб қизига: “Чуқурни айланиб ўтсанг бўлмайдими”, деди. Қизи: “Йўқ, тўғри юрмасам, ёнимдаги машинани шоштираман”, деб жавоб берди. Менинг ўзим ҳам чуқурга тушганда чуқурнинг қирраси машина балонини кесиб юбориб, машинам думалаб кетган эди. Лекин бизда йўл қурувчиларни бунақа ҳодисалар учун ҳеч ким жавобгарликка тортмайди, тортолмайди ҳам. Шу ишга уринса ҳам пушаймонлар бўлади.

Хуллас, азизлар, модомики, носоз йўллардан юриш пешонамизга ёзилган экан, кўнгилсизликлардан қочиш учун йўл маданиятини ўрганайлик. светофорга, йўл белгиларига қарайлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиромни сақлайлик. Баъзида кўзимиз тушиб қолади, тезроқ юрмагани учун ёш-ёш болалар машинасининг ойнасидан бошини чиқариб, оғзидан тўпигини сачратиб кексароқ кишиларни сенсираб сўкиб ётади. Автоҳалокатларнинг асосий сабабчилари ҳам ана шу ўпкасини қўлтиқлаганлардир.  Улар на ҳурматни билади, на маданиятни. Шунинг учун ҳам ёшларимизга ёши улуғларни ҳурмат қилишини, хушмуомалаликни, бошқалар ҳам ундан кам эмаслигини, йўлни унинг отаси сотиб олмаганини, ҳадеб очиқ жойга тиқилавермасдан бошқаларга йўл беришни, йўл қоидаларига риоя қилишни ўргатайлик. Автоҳалокатлар ўз-ўзидан камайиб кетади.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan