Мақолалар

Ҳаёсиз либосларнинг зарари

Чоп этилди Oktabr 1, 2019 Ҳаёсиз либосларнинг зарариda fikr bildirishni o'chirish

Аёллар иффатли кийиниши ва ўзларини яхши тутиши лозим. Бу ниҳоятда катта масала. Аллоҳ аёл кишини хотин, она бўлиши учун гўзал, латофатли этиб яратган. Шунинг учун ҳам шариатда эркаклар учун ҳаром қилинган тилла, кумуш, ипак каби зийнат буюмлари аёлларга ҳалол қилинган. Лекин бу рухсат-ижозатлар номаҳрам эркакларнинг шаҳватини қўзғатиш, Аллоҳ берган ҳусну жамолларини кўча-кўйда кўз-кўз қилиб, гуноҳ ишларга манба бўлиш учун берилган эмас. Улар ўз жуфти ҳалоли ҳузурида, рухсат берилган жойларда бемалол зеб-зийнатли бўлиши мумкин, ҳатто лозим.

Баъзи аёллар номаҳрамлар эътиборини тортиш учун қўлидан келган-келмаган ясан-тусанни қилади, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам, тақинчоқ тақишга, янги кийим кийишга интилади. Уйда, эрлари ҳузурида эса бир аҳволда бўлиб юради. Бу ҳол кўп­лаб оилавий келишмовчиликларнинг сабабидир. Кўчада зеб-зийнатга бурканиб ўзини намойиш қилиб юрган аёлларни кўриб келган эркак уйида ўзига қарамайдиган хотинини кўриб, ғалати бўлиши табиий. Аслида эса тескариси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини эрига намойиш қилиши керак.

Охирги вақтда аёллар таналарининг кўп жойини очиб юри­ши нафақат зинога, балки эркак­ларнинг жинсий заифлигига сабаб бўлаётганини мутахассислар ташвиш билан таъкидлашяпти. Шунингдек, баданни очиб юриш боис аёллар ҳам турли касалликларга чалинаётгани ҳақида хабарлар кўп.

Кўча-кўйда ҳар бир кишининг кўзи тушадиган бундай шармсиз либослар, нафақат балоғат ёшига етган ва балоғат бўсағасидаги ёшларнинг, балки омманинг назарини чалғитиб, фитнага етаклайдиган воситадир. Ай­ниқ­са, ҳар томонлама ривож­ланиб бораётган ўсмир ёшлар бундай фитнали кўриниш олдида ва номуссиз либослар қаршисида кўз-назарлари, ақлларини назорат эта олмайди. Ҳаёсиз манзаралардан кўзларини олиб қочишга журъати етмай, ожиз қолиши аниқ. Бунинг натижасида кучли истак ғалаён кўтара бошлайди. Бу ҳолат кўпин­ча нафс-истакларини жиловлай олмаган ўсмирларнинг хулқлари бузилишига сабаб бўлиб, ўй-хаёлларини ушбу ҳолат буткул ўзига ром этади. Оқибатда илму ҳунар олишга рағбати сусайиб кетади.

Хўш, бу каби зарарли иллатлардан сақланиш учун балоғат ёшига етган ёки балоғат ёши бўсағасидаги ёшлар нима чора қўлласин? Хўш, бу каби “дард”га қарши қандай курашиш, қандай чора қўллаш керак?

Бутун дунёни лол қолдирадиган, теран ақлли, моҳир инсонлар бўлиб вояга етиш учун, аждодларимиз каби машҳур кишилар бўлиб жаҳонга танилиш учун бугунги кунда барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Келажагимиз бўлган ёшларимизни йўлдан оздирмоқчи, халқимизнинг мунаввар келажаги йўлига бу каби номуссиз ишлар ила халал бермоқчи бўлаётганларнинг асл мақсади нима? На диний, на миллий қадриятларга асло мос келмайдиган бундай ибосиз либосларни ким, нима мақсадда ўйлаб чиқиб, жорий қилмоқда?

Бунинг тарихига назар солсак, уларни ғараз ниятли кимсалардан ташкил топган гуруҳлар ўйлаб чиққан бўлиб, уларнинг бундай қабиҳ мақсадлари барча ҳудудларда ҳар қандай тартиб-интизомни бузиш ва жамиятда гўзал одобларни таг-томири билан йўқ қилишга қара­тилган. Бу билан улар ҳар бир юртдаги эркаклар заифлашиб, ушбу йўлга батамом муккаларидан кетганидан сўнг ҳокимиятга осонгина эга бўлишни ният қилишган.

Инсон нафси ҳиссиётга эргашувчи, ҳиссиёт эса нуқ­сонга олиб борувчидир. Ҳиссиётга ўта берилувчан аёллар нолойиқ либослар оқимига қараб жуда тез оқади. Бу эса ғаламислар ёвуз режаларининг амалга ошувини осон­лаштиради. Иффат фазилатидан йироқ бўлганларга мўл­жалланган бундай либослар асло чегара билмайди. Асли заифа ва ожиза қилиб яратилган аёллар ял-ял товланиб турган бу “гўзаллик” қаршисида ожиз қолади, маънан ғариб “гўзаллик” шайдолари дарҳол унинг асирига айланади. Бу тоифа аёлларнинг наздида бундай либослар­ни киймаслик гўёки “маданиятдан узилиш” ва “замондан ортда қолиш”дир. Бу “маданият”га ошуфта бўлган аксарият “замонавий”лар секин-аста, ўзлари билиб-билмаган ҳолда фитналар гирдобида қолиб, гуноҳлар уммонига шўнғиб бораверади.

Баъзи аёллар мол-дунё тўплаш мақсадида ўзини кўз-кўз қилиб, қинғир йўлни танлайди. Кийим сабабли айрим оилаларда эр-хотин орасида жанжал ва тортишувлар келиб чиқади. Бу тортишув эса, аёлнинг эридан “янги чиққан мода”ни олиб беришини талаб қилиши билан бошланади. Натижада, кўпинча оилалардаги бу каби ҳолатлар ўзаро низога айланиб, эр-хотин ўртасига со­вуқчилик тушади. Оқибатда бу чиркин тушунча жамиятда ёлғиз аёлларнинг ва тирик етимларнинг сони ортиб боришига хизмат қилмоқда. Эътибор беринг, жуда оддий ҳолат бўлиб кўринган “маданиятли ва замонавий” очиқ либослар ортида кўз илғамас қанча ёмонлик, фисқу фужурлар турибди.

Балки ғарб аёллари бундай шармсиз кийимларни фахр билан кийишар, аммо комил имонли, иболи ва ҳаёли аёл-қизларимиз зулмат зиндонига етакловчи бундай шармандаликни асло қабул қилишмайди. Чунки бундай либослар фитна-фасодни ва бузуқликни тарғиб этиб, ахлоқан тубанлик ва пасткашликка сабаб бўлади.

Ўз дини ва ўзлигига содиқ момоларнинг бебаҳо маънавиятини қадрлайдиган ва чеҳрасида ор-номус балқиб турган мўътабар аёл-қизлар эса, динимиз ва ўчмас анъаналаримизнинг олий-намунавий ахлоқ чегарасидан чиқишини одобсизлик деб билишади. Тараққий этиб бораётган жамиятимиз ва келажагимиз пойдевори бўлган ёшларимиз эгри йўллардан юришга ҳаё қилади. Ўзларининг хушсурат кўриниши ва ораста кийими, чиройли хулқи, ибо-ҳаёси билан эл меҳрини қозонади.

Муқаддас динимизда бу борадаги кўрсатмалар аниқ ва равшан баён этилган бўлиб, бунга ҳар бир фарзанд амал қилиши шарт. Аллоҳ таоло амр қилади:

Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганида – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир…” (Аҳзоб сураси, 36-оят).

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм