Пайғамбарлик ваҳийси
Хадича онамиз бу ҳолатни кўриб:
– Воқеа нимадур? – деб сўради. Пайғамбаримиз эса бошдин-оёқ ўтган ҳамма ишларни баён қилиб айтганларидин сўнгра:
– Эй Хадича, бу ишнинг охири қандоқ бўлур экан? Ман ўзимдан қўрқиб қолдим, – дедилар. Анда онамиз Хадича айтди:
– Бундин сиз ҳеч андиша қилманг. Иншоаллоҳ, бу ишнинг оқибати хайрли бўлур. Чунки сиз бўлсангиз, етим-есирларга, фақир-мискинларга мушфиқ-меҳрибондурсиз. Ҳамиша уларга ғамхўрлик қилурсиз. Очларни тўйдириб, яланғочларга кийим берурсиз. Йўқсилларга ёрдамчи бўлиб, эгасиз ожизларга оталик қилурсиз. Бир яхшилик бор эрса, камоли ила сизда топилур. Энди сизда шунчали олий алоқалар, бу қадар улуғ сифатларни халқ этган Аллоҳ таоло ҳеч вақт сизни зое қилмас, деб ўйлайман.1 Бу сифатларга ярашгудек сизга бир улуғ неъмат ато қилишини умид қиламан. Сиздек пок сифатли, олий ахлоқли зотга жин-шайтонлар қандоқ яқин кела олсин? – деб, шу тахлит бир қанча чиройли сўзлар билан кўнгилларини кўтардилар.
Яна бу воқеани аниқлаш учун онамиз Хадича амакиваччаси Варақа ибн Нафвал қошига келиб, бутун воқеани баён қилгандин кейин:
– Жаброил ким бўлур? – деб ундин сўради. Варақа Жаброил номини эшитганида “Қуддус, Қуддус..”, деб сайҳа тортиб (ҳаяжонли қичқириқ-ла), дедиким:
– Эй Хадича, бу номнинг эгаси – Мусо алайҳиссаломга, Исо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло тарафидин ваҳий келтиргувчи улуғ фариштадур. Дунёга келган барча пайғамбарларга Худодин ваҳийни шу фаришта келтирур. Муҳаммаднинг ўз оғзидин сўзини англайин, ани келтургил, – деди.
Хадича онамиз Пайғамбаримизни чақириб келтиргандин сўнгра воқеани баён қилдилар. Анда Варақа айтди:
– Эй Хадича, сизларга бу улуғ давлат муборак бўлсин! Таврот, Инжил китобларида башорат берилган охирги замон пайғамбарлиги Муҳаммадга насиб бўлибдур. Эй Муҳаммад, сенга кўриниш бериб, ваҳий келтирган фариштадур, ўтган ҳамма пайғамбарларга Худодин ваҳий келтиргувчи шудир. Оти – Жаброил, “Номуси Акбар” анинг лақабидур. Бу улуғ мансаб сенга хуш муборак бўлсин. Бу яқин кунларда “бутун дунё халқини Ислом динига даъват қил!” деб Худодин сенга фармон бўлгай. Шу чоғда араб мушриклари сенга қарши чиққайлар, кошки мен у кунларда тирик бўлсам эди, мол-жонимни аямасдин сенга ёрдам қилур эдим, – деб сўзини тўхтатди ва ҳам шу орадин кўп узун ўтмай, ўзи ҳам оламдин ўтди.2
Бу сўзларни Варақадан эшитгандин сўнгра Пайғамбаримизнинг кўнгиллари анча ором олди. Бу қадар улуғ вазифа эгаси эканликларини ўзлари ҳам билдилар. Шунинг билан бир қанча ой ваҳий келиши ҳам тўхталиб қолди. Бунинг муддати ҳақида олти ойдин уч йилгача ривоят бордур. Бу муддат ичида Пайғамбаримизнинг руҳоний лаззат талабида завқ-шавқлари зиёда бўлиб, кеча-кундуз ваҳий интизорлигини тортар эдилар. Бу улуғ неъматнинг кечикиб қолишидин андишага тушиб, бунинг ҳасратида ғам-қайғулари ҳаддин оша кўпайгани турди. Бу жудолик ҳасратидин шу даража ғамлари ғалаба қилдиким, улуғ тоғлар бошидин ўзларини ташлаб, ҳалок бўлиш фикри ҳам кўнгилларига келур эди.
Кўп тоқатсиз бўлиб, иш оғирлашганида Жаброил алайҳиссалом кўриниб: – Эй Муҳаммад, сабр қил, албатта сен пайғамбардурсен, вақт яқиндур, – деб тасалли берур эди. Неча қайта шундоқ ишлар Пайғамбаримизга воқе бўлди. Ҳар қачонким тоғ чўққисига чиқиб, яна шу хаёлга келсалар, дарҳол Жаброил алайҳиссалом кўриниб, юқориги сўзлар билан юпантирар эди.
Бу фироқ кунлари охирига етиб, иккинчи ваҳий келиш даври бошланди. Бу даврдаги биринчи ваҳий билан бутун дунё халқини Ислом динига даъват қилишга Худодин амр келди. Ҳаммадин илгари, айтишлари билан, Хадича онамиз дарҳол имон келтирдилар. Чунки узун замондин буён бу ишдан хабари бўлиб, бу ҳақда қилган фаросатлари тўғри чиққан эди. Ўтган пайғамбарлар башорат берган Худо ҳабиби – охирзамон пайғамбари эканларига гумон йўқ эди. Пайғамбаримиз ризоликлари учун бутун жону моли билан ёрдам беришга ваъда берди. Шу иккинчи келиши:
يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ
“Ё айюҳал муддассиру” (“Эй бурканиб олган зот!”) сураси [Муддассир, 74/1] ила бошланди.
قُمْ فَأَنْذِرْ
“Қум, фаанзир” (“Тур, огоҳ эт!”) хитоби [Муддассир, 74/2] ила халқни Ислом динига даъват қилишга Худо тарафидин буюрилдилар.
“Бу сирни дастлабда кимга айтсам бўлур?” деган фикрга тушдилар. Чунки узун замонлардин бери халқ дин ишларидин узоқлашиб, аларнинг олдида дин бутунлай ёт нарса бўлиб кўринар эди. Иккинчидан, у замонда араб халқини жоҳиллик, ваҳшийлик тамом қоплаганликдан, ахлоқлари энг тубандаги даражада бузилган эди. Уруш-талаш, одам ўлдириш улар учун фахрланарлик, суйган касблари эди. Ёш болаларни боқишдан қочиб, фақирликдан қўрқиб, уруш-сўқишларда душман қўлига ўлжа тушишидан номусланиб, ул бечораларни тириклайинча ўз қўллари билан кўмар эдилар. Бунинг устига ота-бободин қолган дин, бузуқ расм-одатларга қаттиқ берилган эдилар. Мана шунинг учун Пайғамбаримиз ўзларини уларнинг ёлғончи қилишларидин қўрқиб, бу тўғрида кўп андишага тушдилар.
Абу Бакр Сиддиқ билан Пайғамбаримиз ораларида ёшликларидин бери дўстлик алоқаси узилмаган эди. Ва ҳам бошқалардан кўра Пайғамбаримиз қандоқ олий ахлоқли, чин сўзли, пок дилли эканликлари ул зот олдида очиқ маълум эди. Мана шунинг учун ҳаммадин илгари бу сирни Абу Бакр Сиддиққа айтиб, динга даъват қилдилар. Анда Абу Бакр Сиддиқ:
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, сизнинг ёлғон айтмаслигингизга менинг ишончим комилдур.
أَشْهَدُ أَنَّكَ رَسُولُ اللهِ حَقًّا
“Ашҳаду аннака расулуллоҳи ҳаққо” (яъни, “Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбаридурсиз”) деб, Ислом динига кирдилар. Эркаклардин дастлаб имон келтирган Абу Бакр Сиддиқ бўлди.
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
1 Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий, 1/3.
2 Ибн Исҳоқ. Ас-Сийра, 2/113; Ибн Касир. Ал-Бидоя, 3/10.
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан
“Ҳидоят” журналининг2019 йил, 9-сонидан