Совут кимники?
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу совутини йўқотиб қўйдилар. Кўп ўтмай совутни бир зиммийнинг қўлида кўриб қолдилар. Зиммий уни сотиш учун Кўфа бозорига олиб чиққан эди. Совутини таниган халифа зиммийга:
– Бу менинг совутим. У туямнинг устида эди, тушиб қолибди, – дедилар.
Зиммий эса:
– Йўқ. У меники ва менинг қўлимда турибди, эй мўминлар амири, – деб жавоб қайтарди.
Али розияллоҳу анҳу:
– У менинг совутим. Чунки мен уни ҳеч кимга сотганим ҳам, ҳадя қилганим ҳам йўқ. Шундай экан, у сеники бўлиши мумкин эмас, – дедилар.
Шунда зиммий:
– Яхшиси, ўртамизда қози ҳукм чиқарсин, – деди.
– Ҳақ гап. Қани кетдик, бўлмаса, – дедилар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
Ўша вақтда Кўфада Шурайҳ исмли киши қозилик қилар, у тобеинлардан бўлиб, ниҳоятда ўткир олим ва ўта тадбирли киши эди. Халифа ва зиммий қози Шурайҳнинг ҳузурига киришди.
– Нима шикоятингиз бор, эй мўминлар амири – деди Шурайҳ.
– Мен совутимни мана бу кишида кўриб қолдим. У туямнинг устида эди, қайсидир кечада, фалон ерда тушиб қолибди. Мен уни ҳеч кимга сотганим ҳам, ҳадя қилганим ҳам йўқ – деб жавоб қайтарди халифа.
Шурайҳ зиммийдан сўради:
– Сен нима дейсан?
У эса:
– Бу менинг совутим, мана у – қўлимда турибди. Бир томондан, мен мўминлар амирини ёлғончиликда ҳам айблай олмайман – деди.
Қози Шурайҳ халифага юзланиб:
– Эй мўминларнинг амири, сўзларингиз ростлигига ва совут сизники эканига шубҳа қилмайман. Лекин буни тасдиқлаш учун иккита гувоҳ келтиришингиз керак. Гувоҳларингиз борми? – деди.
– Ҳа, қулим Қамбар ва ўғлим Ҳасан бунга гувоҳлик бериши мумкин, – дедилар Али розияллоҳу анҳу.
– Лекин, отанинг фойдасига ўғилнинг гувоҳлиги ўтмайди, эй мўминлар амири, – деди қози Шурайҳ.
Али розияллоҳу анҳу:
– Субҳаналлоҳ! Наҳотки, жаннат аҳлидан бўлганларнинг сўзи ва гувоҳлиги қабул қилинмаса!? Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳасан ва Ҳусайн – жаннат ёшларининг саййидларидир” деганларини эшитмаганмисан? – дедилар.
– Ҳа, бундан хабарим бор. Шунга қарамай, мен отанинг фойдаси учун ўғилнинг гувоҳлигини қабул қила олмайман, – деди қози.
Шунда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу зиммийга қараб:
– Совутни олиб кетавер. Менинг у иккисидан бошқа гувоҳим йўқ, – дедилар.
Зиммий тўсатдан:
– Аммо мен бу совут мўминларнинг амириники эканига гувоҳлик бераман, – деб юборди. – Ё Аллоҳ! Мўминлар амири мен билан ёнма-ён қози ҳузурида ўтирса-ю, қози менинг фойдамга ҳукм чиқариб берса! Мен гувоҳлик бериб айтаманки, бу дин олиб келган нарса – ҳақ экан! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик бераман. Қози жаноблари, сиз гувоҳ бўлинг, бу совут халифага тегишли. Мусулмонлар қўшини Сиффин жангига чиқиб кетаётганда мен уларнинг ортида эдим. Шу пайт халифанинг тўқ кулранг туясидан мана бу совут тушиб қолди ва мен уни олволдим.
Буни эшитиб, Али розияллоҳу анҳу:
– Сен Исломни қабул қилдингми – бу совут мендан сенга ҳадя. Унга қўшиб мана бу отимни ҳам сенга ҳадя қиламан, – дедилар.
Кўп вақт ўтмай одамлар бу кишининг Али розияллоҳу анҳу лашкари сафида хаворижларга қарши жанг қилаётганига гувоҳ бўлишди. У оғир жароҳатлар олганига қарамай мардонавор туриб жанг қилди ва шаҳид бўлди.
Ҳа, Ислом олиб келган адолат олдида шоҳу гадо тенг. Бу ҳақиқатга тарих кўп маротаба гувоҳ бўлган. Зеро, қачонки Исломга ҳақиқий маънода амал қилинар экан, у инсонлар қалбини забт этмай қўймайди. Ислом гўзаллигини ўз ҳаётларида кўрсатиб берган зотлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ