Буюклигининг асоси муҳаббат эди
Саҳобаи киромларнинг Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларига бўйсунишар, қайтарганларидан қайтишар ва бошқа суннатларни кўнгилдагидек бажаришар эди. Шунинг учун бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлишди. Буюк Ислом давлати ва маданиятининг юзага келишига эришишди.
Ояти каримада бундай марҳамат этилади:
«Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон, 31).
Аллоҳ ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган имон ва муҳаббат беҳуда гаплар эмас. Одамлар орасида имони борлигини, Аллоҳга ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббати борлигини тилда айтиш билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳ ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий имон оғизда айтиладиган гап эмас, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида, Аллоҳга ва унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббат Аллоҳга ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат ҳамда бўйсуниш орқали амалга ошади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 34000 сўм