Мақолалар

Сажда

Чоп этилди Dekabr 13, 2019 Саждаda fikr bildirishni o'chirish

Роббимга беадад шукрлар бўлсин, бошини саждага эга олган, Аллоҳга муҳтожлигини билган бандаларданман. Саждадан бош кўтарганимда қушдек енгиллашаман, мени қийнаётган ўй-ҳаёллар, ташвишлардан халос бўламан. Бу буюк саодат, Аллоҳ таолонинг ўзи севган бандаларигагина ато этган энг улуғ неъматдир.

Саждага бош қўйган киши қалби тоза туйғулар билан тўлади, кўнгилдаги ёмон ўйлар чекиниб, эзгуликлар жўш уради!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга амакилари Абу Лаҳаб ҳақида Таббат сураси нозил қилинганида мушриклар қувониб кетишди. Абу Лаҳабга сажда қилиб, жиянини ёлғончиликда айблашни буюришди. Аммо Абу Лаҳаб уч кун давомида ҳам бошини саждага қўйишга уриниб, уддасидан чиқолмади!

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилингиз!» – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” (Бақара сураси, 34-оят).

Банда сажда чоғида Аллоҳ таолога энг яқин бўлади. Банда учун Яратганга яқин бўлишдан ортиқроқ кўнгилга хузур бахш этадиган яна нима бор?!

Сажда қилувчилар фазли борасида Қуръони каримда бундай дейилади: “…Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир…” (Фатҳ сураси, 29-оят).

Хушуъ ва хузуъ ила қилинган ибодатлар натижасида дилдан чиққан дуою илтижолар кўкларга кўтарилади, иншоаллоҳ.

 Мубина ИХЛОСОВА

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан