Тафсирларнинг фарқли бўлиш сабаблари
Саҳобаларнинг араб тили, оятлар нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги билимлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қай даражада яқинлиги ҳамда салоҳиятига қараб турлича эди. Шу боис улар ўртасида айрим оятларни англашда ҳар хиллик кузатилган. Бироқ бу ҳолатга асло қарама-қаршилик деб қаралмаган. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон борасида ихтилоф қилишдан қайтарганлар.
Аммо саҳобалардан кейин Қуръон оятларини тушунишда хилма-хиллик, фарқлар пайдо бўла бошлади. Бир қатор соҳа ва илмий йўналишларда юзлаб тафсирлар вужудга келди. Айрим олимлар ушбу жараённи табиий санаган, тадқиқот этган. Жумладан, доктор Саъд ибн Абдуллоҳ “Ихтилофул муфассирин: асбобуҳу ва осоруҳу”, Муҳаммад Шоеъ “Ихтилофул муфассирин” китобларида, Ибн Жавзийнинг тафсир китоби муқаддимасида буларга алоҳида тўхталган. Бу ихтилофларни, асосан, икки катта қисмга ажратиш мумкин:
– биринчиси, мазмун ва моҳияти бир, бироқ ёндашувда фарқли бўлган тафсирлар. Улар илмларнинг турли-туманлиги, ижтиҳод, истинбот масалалари билан боғлиқ рухсат этилган тафсирлардир;
– иккинчиси, моҳиятан бир-бирига зид ва инкор этувчи тафсирлар. Бу тур тафсирлар Қуръоннинг ўзида ҳам, ҳадисларда ҳам, олимлар ижмоси билан тақиқланган.
Имом Шотибий айтади: “Ихтилофлидек кўринса-да, аслида ихтилофли бўлмаган тафсирлар икки хилдир: бири, айрим сўзларда хато бўлгани; иккинчиси, зоҳири ихтилофли бўлсада, ҳақиқати бир бўлган оятлардир. Чунки муфассирлар салафи солиҳлардан оятлар шарҳлари борасида келтирган нақлларнинг зоҳири ихтилофли кўринса-да, бироқ маъноси бир хилдир”.
Тадқиқотларда тафсирлардаги фарқларнинг ушбу сабаблари келтирилади:
1. Қироатдаги фарқлар. Қуръон етти лаҳжада, турли қироатлар билан ўқилган. Энг машҳурларидан бири Имом Осимнинг Нофеъдан ривоят қилган қироати бўлиб, Марказий Осиёда кенг тарқалган. Айрим оятлар ўқилишининг ўзгариши билан маъноларда ҳам маълум даражада ўзгаришлар бўлади. Масалан, Фотиҳа сурасидаги “малики явмиддин” сўзини маалики (эга, хўжайин) ёки малики (подшо) тарзида ўқиш мумкин. Бу икки қироатда сўзларнинг маъносида фарқ кузатилса-да, умумий мазмунда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.
2. Сўзларнинг эъроб (охирги ҳаракат)ларидаги фарқлар. Араб тили қоидасига кўра, фоил (эга) замма (у, ун) билан ва мафъул (тўлдирувчи) фатҳа (а, ан) билан ўқилади. Бу ҳолатда иккаласининг жумладаги маънолари ўзгаради.
3. Сўзларнинг луғавий маъноларидаги фарқлар. Баъзи сўзлар икки ёки ундан ортиқ маъноларга эга ва ҳар бирини ўз ўрнида қўллаш мумкин. Маълум бир жамоа муфассирлар бир маънони олсалар, яна бирлари бошқа маънони олади. Бу ҳолатда бир-бирларини асло инкор этмайдиган икки хил маънодан фойдаланиш мумкин.
Муфассирлар бир нечта маъноларни англатадиган сўзларнинг барча маъноларини тенг равишда олиш мумкин бўлганларини ҳам ўрганиб чиққан. Жумладан, Қуръонда вал фажр, вал аср каби сўз ва жумлаларда “фажр” сўзидан мурод тонг вақтими ёки зулҳижжа ойининг фажрими, “аср”дан мақсад асрдан шомгача бўлган вақтми ёки муайян бир асрни ўз ичига қамраб олган даврлиги борасида турли фикрлар бор.
4. Мутлақ ва муқайяд оятларни тушунишдаги фарқлар. Мутлақ оят қайдсиз бўлади, бирор шартга боғлайди. Муқайяд эса бирор нарсага боғланиб, қайдланади. Масалан, Анъом сурасининг 145-оятида дамун масфуҳа, яъни оққан қон истеъмоли ҳаром қилинган маҳсулотлар қаторида санаб ўтилмоқда. Бу ерда дамун – “қон” масфуҳа – “оққан” сўзи билан қайдланмоқда.
5. Умум ва хусус оятлар борасидаги фарқлар. Аслида умумийлик ва хусусийлик тушунчалари сўзларнинг лафзларига тааллуқли бўлиб, улардан тушуниладиган маъноларнинг қанчалик умумий ёки хусусийлиги билан боғланади. Шу сабабли айрим олимлар бундай сўзларнинг маъноларини умум ва кенг маънода тушунсалар, қолганлари торроқ доирада тушунадилар. Масалан, Бақара сурасининг 221-оятида: “Мушрика аёлларни, то имон келтирмагунларича никоҳингизга олманг”, дейилган. Оятдаги мушрика сўзини айрим муфассирлар умумий маънода санамларга ибодат қилувчилар деб қабул қилсалар, қолган-лари уни аҳли китоблар деб изоҳлайдилар.
6. Насх ва мансух борасида-ги фарқлар. Насх бир оятнинг ҳукмини бошқа бир оят бекор қилиши бўлиб, ҳукми бекор қилинган оят мансух дейилади. Масалан, Бақара сурасининг 115-оятида: «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир», дейилган. Баъзи муфассирлар ушбу оятни Бақара сурасининг “…Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг!” мазмунли 144-ояти билан ҳукми бекор бўлганини айтадилар. Лекин Жобир ибн Абдуллоҳ мазкур оятни қибла қайси томондалигини билмай, иккиланиш ҳолатидаги кишига, Абдуллоҳ ибн Умар эса нафл намоз ўқувчи одамга тааллуқли деб ҳисоблайди. Ушбу икки ҳолатда ҳам оят мансух эмас, деб топилади.
7. Бирор-бир оят мазмуни борасида айрим муфассирларга ҳадис етиб келган, айримларига ўша ҳадис етиб келмаган бўлишига доир фарқлар. Бақара сурасининг 232-оятида эри вафот этган аёлларни тўрт ою ўн кун идда сақлашлари, Талоқ сурасининг 4-оятида ҳомиладорларнинг идда муддати туққунларича бўлиши белгиланган. Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эри вафот этган аёлнинг идда ўтириш муддати бу – мазкур оятларда кўрсатилган икки муддатдан энг узоғи миқдорича, деб ҳисоблашган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса эри вафот этган аёл ҳомиласини қўйгунича идда ўтиришини айтиб, бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят этилган ҳадисни далил қилган.
8. Бир сўзнинг араб тилига яқин ёки узоқ бўлган бир неча маъноларини қўллашдаги фарқлар. Масалан, Муддассир сурасининг 4-оятида: “Сиёб (либос)ларингизни покланг”, дейилади. Бу ердаги “сиёб” сўзида араб тилидаги энг яқин маъно – кийим саналади ва кийимни поклашга буюрилаётгани кўпчиликка маълум. Бироқ айрим муфассирлар “сиёб” сўзини нафс деб изоҳлаганлар ва киши нафсини поклашга буюрилаётганини таъкидлаганлар.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, рухсат этил-ган тафсирларда гоҳида айрим фарқли жи-ҳатларнинг бўлиши табиий ҳол, улар, асосан, муфассирнинг билим ва тушуниш даражаси билан боғлиқ. Аслида ҳар бир олим ўзининг билими доирасидагина фикр юритади. Шундай экан, ҳар бир муфассир оятларни шарҳлаши жараёнида билганларини айтиб, рухсат этилган бошқа маънолари борлигини инкор қилмаслиги зарур. Шундай фарқларни кўрган айрим ўқувчилар бундан ихтилоф ясаб олмасликлари керак.
Давронбек МАХСУДОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси мустақил тадқиқотчиси, тарих фанлари номзоди
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан