Қуръони каримни қирқ кечада ўқиб тугатиш ҳақида
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Қуръонни қирқ кечада ўқишни буюрдилар. Абдуллоҳ У зотдан буни қисқартиришни сўраб етти кечагача туширтирди. Қирқ кеча бу заифлар (улгура олмайдиганлар) ва шу билан (ишлар билан) бандлар учундир. Қуръондаги оятлар қирққа тақсимланади. Шунда ҳар кунига бир юз эллик оят атрофида тўғри келади. Натижада Қуръонни бир йилда тўққиз марта хатм қилинади. Қирқ кунлик муддат кўп ўринларда зикр этилган. Жумладан: Инсон она қорнида қирқ кун нутфа, қирқ кун лахта қон ва қирқ кун парча гўшт ҳолида бўлади, қирқ ёшга етганда баркамол ва чуқур ўйлаб иш қиладиган (ақли расо) бўлади. Қиёматда чалинадиган икки сурнинг ораси қирқ йилдир. Одам (алайҳиссалом) ҳам яралишларида қирқ йил лой ҳолатда турганлар. Мусо (алайҳиссалом)нинг Тури Синодаги Аллоҳ билан сўзлашувлари қирқ кун бўлган. Дажжолнинг ердаги ҳукмронлиги ҳам қирқ кундир. Фарзандли бўлган аёлдан қон келиш (нифос) муддати қирқ кун. Танадаги туғма қобилият ва характерлар шаклланиш даври қирқ кун. Работларда тўлиқ чилла муддати ҳам қирқ кун. Инсоннинг камолга етиш ва куч-қувватга тўлиш умри ҳам қирқ ёшдир.
Қуръонни етти кунда хатм қилиш тунларни бедор ўтказадиган, ибодатни касб этиб, нафс ва дунё ҳой-ҳавасларидан узоқлаша олган кучли бандалар учундир. Биринчи зикр қилинган қирқ кунлик хатм умумий муддати уларга осонлик қилади, шу билан бирга у давомли бўлади. Аллоҳ таолога энг севимли амал давомли бўлинган амал ҳисобланади.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: бир киши: Ё Расулуллоҳ бир киши Қуръонни етти кунда ўқиса нима бўлади? деди. У зот: “Бу муқаррабинларнинг (Аллоҳга яқин зотлар) амалидир”, дедилар. У яна: Ё Расулуллоҳ уни беш кунда ўқисачи? деб сўради. У зот: “Ана у сиддиқларнинг (тасдиқ этувчилар) амалидир”. Яна у киши: Ё Расулуллоҳ Қуръонни уч кунда ўқисачи? деб сўради. Шунда у зот: “Ана ўша набийларнинг амалидир ва у машаққат бўлиб, тоқатингиз етмайди деб ўйлайман, аммо тун бедорлиги машаққатига сабр қилсангиз ёки сизлардан бирор киши маълум сурани ўқишни тугатишни ният қилиб бошласа бўлади”. Шунда: Ё Расулуллоҳ Қуръонни уч кундан кам муддатда ўқисачи? деб сўрашди. У зот: “Йўқ”, дедилар, аммо ким ўзида бунга куч топса, ўша кучини Қуръонни чиройли тиловат қилишга сарфласин, деб қўйдилар.
Муҳаммад ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: Мендан Яҳё ибн Муин ушбу ҳадис ҳақида сўради. Қуръонни уч кундан оз муддатда хатм қилиш ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан келтирилган бу ривоят доимий бажариб юрадиган одат тарзига айланганларга тааллуқли эмас. Агар бир киши Қуръонни бир кун ёки бир кечада ўқиса, у олий фазилат соҳиби бўлади.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у зот Қуръонни бир ракатда хатм қилганлар. Юқоридаги ҳадисда келган хатмнинг ушбу муддатлари Қуръонни доимий ўқиб юришни вазифа қилиб олганлар учундир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига енгил бўлиши учун Қуръонни энг ками етти кунда ўқир эдилар. У зот бунда Қуръондаги уч сурани бир бўлак (ҳизб – Қуръони каримнинг 60 дан бир қисми) қилиб ўқишдан бошлар эдилар, ундан кейин ўн бир сурани бир бўлак, ундан сўнг ўн уч сурани кейин тўлиқ ўқирдилар ва булар ҳаммаси етти кунга етти қисм бўлар эди.
Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Авсдан у отасидан у бобосидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга масжидда бир кечада суҳбатлашиб ўтирганимизда (ногаҳон) биздан узоқлашдилар. Биз бу ҳақда улардан сўраган эдик, у зот марҳамат қилдилар: Менга Қуръондан бир ҳизб (қисм) тақдим этилди. Мен уни адо этмасдан чиқиб кетгим келмади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийларидан у зотга тақдим қилинган Қуръондан бир бўлак (ҳизб) нима экани, улар Қуръонни қандай тақсимлашлари ҳақида сўрадик. Улар: уч сура, беш, етти, тўққиз, ўн бир, ўн уч сура ҳамда Қоф ва ундан кейинги сураларни ўз ичига олувчи муфассал қисмларга бўлинади, дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биринчи ҳадисда саҳобийларни Қуръонни чиройли тиловат қилишга буюрдилар. Чунки Қуръон мавъизадир. Аллоҳ ундаги Ўзининг ваъз-насиҳатлари ҳамда пурмаъно, латиф сўзлари ҳақида бандаларининг фикр юритишларини яхши кўради. Одамзоддаги табиий ҳис-туйғулардан бири шуки, киши бошқа бир инсон билан гаплашганда уни ҳурмат-иззат қилишларини, яхши муомалада бўлишларини хоҳлайди. Агар суҳбатдоши унинг сўзини қулоғи билан тингласаю, қалби бепарво бўлса, бу суҳбатдошнинг қадри унинг наздида тушади. Шундоқ экан, оламларнинг Раббиси бандалари билан гаплашганда қандоқ бўлади? Аллоҳ таоло бунда бандаларига Ўзидаги бор раҳм-шафқатини ва меҳр-муҳаббатини изҳор қилишини истайди ҳамда бу бешкунлик ҳаётда уларга Ўзининг энг олди неъматларини ато этишни яхши кўради. Зеро, бу билан улар ўзлари учун ҳузур-ҳаловат ва хурсандчиликка эришсинлар. Банда бу неъматларни Қуръонда тиловат қилсаку, аммо қалби ғафлатда бўлса?! Аллоҳ таоло ўз китобида айрим бандаларига таҳдидлар билан хитоб қилиб, уларнинг қалби булардан таъсирланиши ва тартибга келиб олишини хоҳлайди. Ушбу хитобни ҳам Қуръон ўқувчи тиловат қилиб (аҳамият бермай) ўтиб кетаверади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини тиловат одобига ўргатиб: дона-дона қилиб ўқишга буюрди: «Ва Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил, 4). Бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик…” (Исро, 106). Яна бир оятда: Бу “(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” деган (Сод, 29).
Аллоҳ бандаларини Қуръонни дона-дона, бўлиб-бўлиб шошилмасдан ўқишга ҳамда оятлар маъносини чуқур тафаккур қилишга буюришида улар учун кўплаб манфаатлар борлигини билдиради. Қуръон ўқувчи кишиларнинг энг афзали уни тафаккур қилиб қироат қилувчиларидир. Ким Қуръонни тез ўқиб ҳам оятлар маъноси ҳақида ақл юритса, у буюк нур ва юксак даражага эришади ва бу Қуръон нурининг фазлидандир. Кимки бундан ожиз бўлса, оятлар маъносини тафаккур ва тадаббур қилиш унинг учун яхшироқ ва фойдалироқдир.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм