Шайх Абдуллоҳ Маъруфий ҳафизаҳуллоҳ
Яқинда ҳиндистонлик машҳур олим шайх Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ал-Аъзомий ал-Ҳиндий бошчилигидаги уламолар юртимизда меҳмон бўлишди.
Сафар давомида меҳмонлар Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасидаги Абу Бакр Қаффоли Шоший роҳимаҳуллоҳ қабрини зиёрат қилишди.
Шунингдек, меҳмонлар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида бўлишиб, “Hilol nashr” нашриёт-матбааси фаолияти билан яқиндан танишишди.
Ташриф асносида Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ҳазратлари пойтахтимиздаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари билан маърифий учрашув ўтказиб, ҳадис илми бўйича маъруза қилди.
***
Замонамизнинг машҳур уламоси Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ал-Аъзомий ал-Ҳиндий 1965 йили Ҳиндистоннинг Утра-Прадеш вилоятидаги Пура-Маъруф шаҳрида туғулган. Илк диний таълимни “Ишаъатил Улум” мадрасасида олган. Сўнгра таҳсилни “Сарай мир”даги “Ислоҳ” ва “Аъзам Жарра” мадрасаларида давом эттирган.
1985 йили Дорул Улум Девбанд университетини ҳам тамомлагандан сўнг 8 йил давомида “Панараси” ислом университетида ўқитувчи бўлган. 1994 йили фаолиятини Ҳиндистоннинг “Мазоҳир Улум Саҳанвор” муассасасида давом эттиради.
Ҳозирда Шайх Маъруфий ҳазратлари Дорул Улум Девбанд университетида талабаларга ҳадис фанидан дарс беради. У ҳадис илмига оид кўплаб китоблар муаллифи ҳисобланади. Жумладан, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва Имом Термизий ҳазратлари асарларига шарҳлар ёзган.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан