Қандай маълумотлар бўлиши керак?
Савол: Диний ташкилотларнинг уставида қандай маълумотлар бўлиши лозим?
Жавоб: Диний ташкилотларнинг уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:
– диний ташкилотнинг номи, тури, жойлашган манзили, қайси динга мансублиги;
– мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари;
– қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
– тузилиши ва бошқарув (раҳбар) органларининг ваколат доираси ва уларни шакллантириш тартиби, уларнинг ваколат муддатлари;
– пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни шакллантириш манбалари, уларни тасарруф қилиш борасидаги бошқарув органларнинг ваколатлари;
– ўз уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тартиби;
– ушбу диний ташкилотга тааллуқли бошқа маълумотлар.
Марказий бошқарув органларига эга бўлган диний ташкилотларнинг уставлари мазкур марказий бошқарув органлари билан келишилган бўлиши керак.
Савол: Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаси қанча муддатда кўриб чиқилади?
Жавоб: Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза бир ой муддатда кўриб чиқилади.
Рўйхатдан ўтказувчи органлар диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича тегишли органларнинг экспертиза хулосасини олишга ҳақли. Бундай ҳолда қарор рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза берилган кундан эътиборан уч ой муддатда қабул қилинади.
Диний ташкилотнинг уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар диний ташкилот қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг юридик кучга эга бўлади.
Диний ташкилот уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда диний ташкилотнинг раҳбар органи томонидан тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч ой мобайнида рўйхатдан ўтказувчи органга тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.
Диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибида амалга оширилади. Бунда, диний ташкилотни қайта ташкил этишда юридик шахсни қайта ташкил этишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинганлиги бўйича қўшимча ҳужжатлар тақдим қилинади.
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири
Икромжон МАРДОНОВ жавоб берди.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан