Ота-онаси борлар бахтли
Ота-онаси ҳаёт инсонлар чинакам саодатлидир. Алҳамдулиллаҳ, ота-онам тирик, аммо олис масофа бизни айро туширган. Ҳар маош олганимда фарзандларимга ширинликлар харид қиламан-у, томоғимга нимадир тиқилади. Қанийди, ота-онамга ҳам бу нарсалардан илинсам…
Одатдагидек ишдан қайтаётиб, болаларимга кабоб олиш учун навбатда турсам, волидам телефон қилиб қолди:
– Ассалому алайкум, онажон, яхшимисиз, соғлиқларингиз яхшими? – дедим гўшакни кўтариб.
Онажоним:
– Ва алайкум ассалом, болам, яхшимисан, ишдан қайтдингми? Йўлларинг бехатар бўлсин! – деди.
“Болаларимга кабоб олаётгандим”, демоқчи бўлдим-у, тилимни тишладим. Онажонимнинг ҳам егиси келиб қолса-чи? Ахир, кўнгли тусаб қолиши мумкин-ку!
У ёқ-бу ёқдан бироз суҳбатлашиб, хайрлашдик. Аммо ичимда бир нарса узилгандай бўлди. Қийинчилик билан улғайтириб, ўқитиб, едириб-ичирган онажонимга иккита иссиқ нон олиб боролмасам, муштоқ бўлиб соғинганида ёнида бўлолмасам…. қандай фарзанд бўлдим? Ахир, ўртамиздаги масофага чора топса бўлади-ку! Аммо масофа охиратга уланиб кетса-чи?
Қуръони каримда: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!…” дема ва уларни жеркима! Улар-га (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро сураси, 23–24-оятлар), деб марҳамат қилинган.
Онаси бор инсонларнинг бағри бутун. Афсуски, орамизда онасини йўқламайдиганлар ҳам учраб туради. Ота-онаси яқинида яшаб, уларнинг ҳолидан хабар олмайдиганларни кўриб, шундай имконият менда йўқлигидан ўкинаман. Шундайларга бағрингизни тўлдириб турган онажонингизни асраб-авайланг, дегим келади.
Мубина ИХЛОСИДДИН
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан