Итоатнинг ниҳояси Одам ва фарзандлари салтанатининг тугашидир
Руҳнинг энг улуғ фазилати ҳазрати Одам қиссасида Ҳақ таолонинг муқарраб фаришталарига қилган қуйидаги хитобидан ўрин олган:
“Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз” (Ҳижр сураси, 29-оят). Ҳақ таоло ҳар қандай нопокликлардан покиза бўлган бу соф фаришталарнинг саждасини руҳга дам уриш билан боғламоқда. Агар руҳ жавҳар ва зот жиҳатидан фаришталардан кўра покроқ, тозароқ ва софроқ бўлмаганда, Ҳаққа яқинлик ва макон жиҳатидан улардан илғорроқ бўлмаганда ва “абадийлик-боқийлик” сифатига улардан ҳам сазоворроқ бўлмаганида эди, фаришталар руҳга сажда қилмаган бўлардилар!
Одам (алайҳиссалом)дан кейинги хос кишилар: анбиё, расул ва авлиёлар мушарраф бўлган хос жон, оммайи халойиқнинг барча аъзоларига тириклик бағишловчи “хусусий жон”га ўхшайди. Бу жон туфайли кўз кўради, қулоқ эшитади, қўл ушлайди, кўнгил доно бўлади, зоҳир ва ботиндаги ҳар бир аъзонинг зарралари ёруғ ва равшанлашади. Оламни барқарор қилиб турувчи хос кишининг жони гўё инсонларнинг таналарини барқарорлаштирувчи омманинг “умумий жон”ига ўхшайди. Хос жон туфайли осмон ва ер барқарор, қуёш, ой, юлдузлар нурафшон, осмондаги булутлар ёмғирга айланади.
Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай демишлар: “Абдоллар табақаси турли қабилалардан иборатдир. Улар бадавлат аёлларга уйланмайдилар. Уйларининг эшиклари ундайларга очилмайди. Бироқ улар соясида сизлар ризқланурсиз ва ёмғирга эришурсизлар”[1] .
Одам (алайҳиссалом)га руҳ уфурилгач, унинг бошидан оёғига қадар руҳ нурининг шуъласидан порлаб, нурланиб кетди. Малакут олами аъзоларининг ҳар бир зарраси бу офтоб нурининг порлашидан янада жонланди, нурланди. Бутун коинот ҳайбат ва итоатга йўналди. Бу руҳнинг бўйсундирувчи салтанатининг ҳукмронлиги жумла махлуқот руҳини ларзага солди. Юқори ва пастки олам жисмлари ўша ойдинликнинг азаматидан бандалик ва қуллик камарини белларига боғладилар. Ҳар бир забонли ва забонсиз, қуюқ ва суюқ нарсаларнинг табиатларида қўрқув ва ҳайбат титраши вужудга келди. Нур ва зулмат малакути, сув, тупроқ, шамол ва олов – барчаси итоат зирагини қулоқларига тақдилар. Осмон уни ўз соясига олмоқ учун кибриё ридосини ёйди. Ер юзи унга тахт ва тўшак бўлмоқ учун сардорлик ва улуғлик либосини кийди. Булут, ёмғир, момақалдироқ, чақмоқ, денгиз, қуруқлик, дарахт, мева, тош-тупроқ ва қолган ҳамма нарса Одам (алайҳиссалом)га бўйин эгмоқ ва хизмат қилмоқ учун итоат, тутқинлик либосини ошкора кийдилар.
Амал дафтарини ёзувчи, турли вазифалар бажарувчи, Аршни тутиб турган ва саф тортган фаришталар билан биргаликда нурдан, оловдан ва руҳдан ташкил топган барча мавжудотлар айни пайтда Одам (алайҳиссалом)нинг зоти ва жамоли олдида сажда қилдилар. Бу уларнинг ҳазрати Одам ва фарзандларига итоат қилишларининг бошланиши эди. Итоатнинг ниҳояси эса Одам ва фарзандлари салтанатининг тугашидирки, бу мумкин эмас…
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад. I, 112-6.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 12000 сўм