Улар беҳуда сўздан юз ўгирувчилардир
Ҳорис ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларидан ўтиб кетаётган эди, у зот (алайҳиссалом): “Эй Ҳорис, қандай тонг оттирдинг?” деб сўрадилар. Шунда Ҳорис (розияллоҳу анҳу): “Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим”, деди. “Гапингга эътибор қил, ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Имонинг ҳақиқати нимада?” дедилар. “Нафсимни дунёдан тортдим. Кечаларимни бедор, кундузларимни ташна ҳолда ўтказдим. Худди Раббимнинг Аршини аниқ кўраётгандекман. Худди жаннат аҳли бир-бирларини зиёрат қилаётганларига назар солиб тургандекман. Худди дўзах аҳли у ерда бир-бирларига душманлик қилишларига қараб тургандекман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут!” деб қайтақайта тайинладилар (Имом Табароний).
Иккинчи васиятда Алқама ибн Ҳорис тилидан айтилгани каби мўмин киши намози билан бошқалардан ажралиб туради. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини қуйидагича таърифлайди:
«Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилардир. Улар закотни адо этувчилардир. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмас. Бас, ким шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд–паймонларига риоя этувчилардир. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)лардир. Айнан ўшалар меросхўрлардир – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчилардир» (Муъминун,2–11).
Хушу қўрқув билан хотиржамликнинг бирга қўшилганидир. Нажотга эришувчи мазкур мўминларнинг сифатларидан бири – намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида уларнинг қалбларини, вужудларини қўрқув ва хотиржамлик ўраб олади. Бу ҳолат фақат намозни олий даражада адо этадиган мўминлардагина бўлади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 34000 сўм