Эшикни аста ёпинг…
Маҳалла кўчасидан атрофни кузатиб борардим. Ёши улуғ онахон дарвозани тақиллатган эди, зум ўтмай ўсмир қиз очиб салом берди:
– Ассалому алайкум, бувижон, келинг.
– Ваалайкум ассалом, ширин қизим. Ойинг
уйдами? Маслаҳатли иш чиқиб қолди,
– Йўқ, ҳали келмадилар.
– Унда… болам, онанг келиши билан менинг сўраганимни айтгин.
– Хўп бўлади, бувижон! – деди қиз хушмуомалалик билан ва… дарвозани қарсиллатиб ёпди. Беихтиёр ўгирилиб у томонга қарадим. Онахон кулимсираб бошини сарак-сарак қилиб турарди.
Гувоҳ бўлганим баъзи воқеалар ёдга тушди: гоҳида қандайдир важдан кимнидир безовта қилсанг, эшик очгувчи узр-маъзур билан берган саволингга “Ҳа” ёки “Йўқ!” дейди-да, эшигини қаттиқ ёпади. Фараз қилинг, ўртада бор-йўғи ярим қулоч масофа, эшик юзингга урилгандек бўлади.
Синчков бувим “Эшикни секин ёпинглар”, деб кўп айтардилар. Ҳатто бир-бирини қувалаб ўйнаб юрган болалар тасир-тусир билан кириб-чиқишса, уларни ёнларига ўтқизиб олиб: “Эшикни ўйнаманглар, қўлларингни қисиб қолиши мумкин. Қарсиллатиб ёпаверсанг, одат бўлиб қолади. Бу бошқаларга малол келади…” дердилар. Айни борада аёл-қизларга алоҳида насиҳатлари бор эди: «Хонадонинг меҳмони – қалбинг меҳмони. Кузатар чоғингда хайр-маъзурдан кейиноқ эшик ёпишга шошилма. Агар дарвозангни қарсиллатиб ёпиб олсанг, меҳмоннинг хаёлидан: “Тезроқ кетсам бўларкан, зўрға чидаб ўтирган экан” деган фикр ўтиши, хижолат бўлиши мумкин. Ҳатто бегона одам ўтиб бораётганини кўрсанг ҳам, дарвозани аста ёп, бу – одобинг, инсонларга ҳурматинг белгиси».
Ёшлигимизда эшитган бу насиҳат кейинги пайтларда тез-тез ёдга тушадиган бўлиб қолди. Сабаби, кўп қаватли уйларнинг зиналаридан кўтарилиб бораркан, хонадонлар эшикларининг очилиб, ёнгинасидан ўтиб бораётганингда шарақлаб ёпилишига кўп дуч келасан. Айниқса, ёшлар… улардан хафа бўлишга ҳақимиз йўқ. Чунки ўзимиз бу одобни ўргатмаганмиз.
Ҳар қандай вазиятда атрофимиздагиларга иззат-эҳтиром кўрсатиб, фарзандларимизга ибрат бўлайлик, улар қалбига шу фазилатни сингдирайлик. Жамият аъзоларининг меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам, барқарор бўлсин.
ОҚИЛАБОНУ