Раддия – эътиборга лойиқ билмоқдир
Кунларнинг бирида ит арслоннинг олдига келиб, у билан уришмоқчи бўлди. Лекин арслон бунга эътибор бермади. Шунда ит гердайганча деди:
— Агар мен билан олишмасанг, дўстларимга арслон мендан қўрқди, деб мақтанаман!
Арслон эса унга бундай жавоб қилди:
— Мен учун “итларнинг шер итдан қўрқибди” деган мақтаниши шерларнинг “Итга тенг келдингми?” деб маломат қилганидан яхшироқ…
Бир киши Али Тантовий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб, мақоласига тақриз ёзиб беришини илтимос қилди. Али Тантовий бундан бош тортди. Шунда у ҳеч бўлмаса раддия ёзиб беришини сўради. Шайх бунга ҳам кўнмади…
Гап шундаки, кимгадир раддия бериш – уни эътиборга лойиқ деб билиш бўлади. Шунинг учун ҳар бир бидъатчига аҳамият бериб, раддиялар қилишнинг ҳожати йўқ. Энг яхшиси эътиқод ва ғояларгагина раддия бериш кифоя, уларни илгари сураётган шахсларга эмас. Мана шу услуб уларнинг таниқли бўлиб кетишига йўл бермайди.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ