Одамийликни унутмайлик
Онахон ёнидан у ёқ-бу ёққа ўтиб юрган ўсмир набирасига нимадир демоқчи бўлади… Қизнинг шошаётгани ҳаракатларидан кўриниб турарди. Ичкари уйдан овоз эшитилди:
– Гули, ҳамма сўзларни ёдладингми?
– Ҳа, ойижон, ёдладим. Ўтган сафарги дарсимизда ҳам инглизча сўзлар таржимасини шариллатиб айтиб бердим. Ўқитувчим мақтадилар. Энди менга катта луғат керак.
– Якшанба куни оламиз, – жавоб қайтарди онаси, рағбатлантириш оҳангида қўшиб қўйди. – Бошқа нарсалар ҳам оламиз.
Набиранинг кайфияти яна ҳам кўтарилганини кўриб дадилландими, буви:
– Болам, – деб чақирди, ёнига келган қизнинг қўлини тутиб мақсадини айтди. – Ҳаво салқинлашгани бу кеча сезилди. Этим увишяпти. Пахталик камзулимни топиб берсанг кийволардим, яна сизларга ташвиш орттириб қўймай…
– Вой, ойижон-ей, – шу заҳоти ичкаридан чиқиб келди ёш она. – Доим шунақа қиласиз. Ахир Гули кечикиши мумкин эмас-ку! Репититор ўқитувчининг вақти минутма-минут ҳисобланган.
Айбдор бола каби онахоннинг боши эгилди, шу лаҳза аёл қизига “Бу ёққа ўт. Кетавер!” ишорасини қилди. Набира бир зум иккиланиб, бувисидан узоқлашди.
Юқоридаги воқеани “Ойим ҳеч нарсани тушунмайдилар. Зарур, муҳим ишга ўзларининг ташвишларини тиқиштирадилар”, деб қайнонасидан сўз очган жувоннинг навбатдаги шикоятини эшитаркан, хаёлан тасаввур қилдим. Шундан буён қариндошу таниш-билишларнинг ҳафта-етти кун давомида гоҳ мусиқа, гоҳ спорт, гоҳ тасвирий санъат бўйича машғулотларга; чет тилини, аниқ фанларни ўрганиш учун курслар ёки алоҳида ўқитувчиларга қатнайдиган ўғил-қизларида кузатганим ҳолатлар фикримда айланади.
Меҳмонда эдик. Даврадагилардан бири ўн беш ёшлардаги қизини олиб келган экан. Суҳабатда бу қизнинг мусаввирликка иқтидори борлиги, танловлар ғолиби экани маълум бўлди, ким ҳавас қилди, ким янги муваффақиятлар тилади-ю… сал ўтмай дастурхондаги тансиқ неъматларга ҳаммадан олдин гоҳ қизнинг ўзи қўл уриши, гоҳ онаси унга олиб бериши ўтирганларнинг хафсаласини пир қилди.
Метро вагонида баланд овозда гаплашиб бораётган қизларнинг русча, инглизча, унда-мунда ўзбекча сўзлар қоришиқ суҳбатидан кимдир ажабланар, кимнинг энсаси қотар… мен кулимсираб уларга яқинлашиб:
– Ассалому алайкум, узр, гапларингизни бўлдим, – дедим. – Қизларжон, баланд овозда ҳаммага эшиттириб гапириш чиройлимас-да…
“Кимсан ўзи?” дегандай менга қараган қизлар шарт ўгирилиб, “пиқ-пиқ” кулиб нари кетишди…
Абдурашид Отахонов деган олимнинг гаплари ёдимга тушади: “Оиладаги юмушларни бажаришда ҳар бир бола бошқалар билан теппа-тенг иштирок этиши керак. Гоҳида фарзандлардан бири: “Эртага мактабда фалон фандан ёзма ишим бор”, деса, мен: “Жуда яхши. Уйдаги ишларни ҳаммамиз бажаришимиз керак. Дарсга тайёргарликка ҳам вақт топасан”, дейман”. Шу олимнинг тўрт ўғли мактабни фақат “аъло” баҳоларга битиришди, турли соҳаларда олий маълумотли мутахассислар бўлиб етишдилар, бир нечтадан чет тилларини яхши билишади. Кўпчиликнинг ҳавасини келтирган ибратли жиҳатларидан бири – она тилида тиниқ, равон сўзлайдиган бу йигитлар оилавий ишларда онаси, аёлини доим қўллаб-қувватлашади. Қўни-қўшнилар ҳурматини жойига қўйишади. Бу хонадонга меҳмон бўлиб келганлар йигитларнинг одоб-аҳлоқи, муомаласи, камтарлиги, самимияти қанчалар чиройли эканини эслаб, гапириб юришади.
Бугун мамлакатимизда ёшлар илму фанни чуқур ўрганиши, уларнинг иқтидори тўлиқ намоён бўлиши учун ҳар доимгидан кўпроқ эътибор бериляпти, ғамхўрлик қилиняпти, қатор тадбирлар амалга ошириляпти. Фарзанди келажакда таниқли олим, арбоб, санъаткор, спортчи… бўлиши орзусида ёш болаларини турли мактаблар, тўгараклар, машғулотлар, устозларга олиб боришдан вақтини ҳам, маблағини ҳам аямаётган ота-оналар сони кундан кунга кўпаймоқда. Бу – қувонарли ҳол. Фақат унутмайлик, чет тилини “сув қилиб ичаётган”, замонавий фанларга боши билан шўнғиган, халқаро танловларда ғолибликка интилаётган ҳар бир ўғил-қизимиз танлаган соҳасининг етук мутахассиси сифатида халққа, Ватанга сидқидилдан хизмат қилиши аввало унинг атрофидагиларга ҳурмат-эҳтиромли, ширинсўз, оқибатли, эътиборли, саховатли, самимий бўлишига, яъни одамийлик фанини ўрганиб уққани ва унга нечоғли амал қилишига боғлиқ.
Муаззамхон ТУРДИЕВА
Тошкент мелиорация ва сув хўжалиги
муҳандислари тайёрлаш институти ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 23-сонидан