Инсон ҳаёти, ҳуқуқлари – олий қадрият
Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади.
Парвардигорнинг инояти ила Ватанимиз истиқлолга эришганига чорак асрдан кўп вақт бўлди. Халқимиз ўзига, ўзлигига қайтиб, порлоқ келажак сари имон-эътиқод, ишонч ва умид билан одимламоқда.
Бош Қомус давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган ҳужжатдир. Асосий қонунимиз уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибасини, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонларини ўзида мужассамлаштирган. Муқаддас динимиз таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади: 1) инсоннинг ҳаётини; 2) ақлини; 3) динини; 4) наслини ва 5) мол-мулкини муҳофаза қилиш. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли экани белгиланган.
Конституциямизнинг 61-моддасида: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, деб белгилаб қўйилган.
Жамиятимизда бошқа ташкилотлар каби диний ташкилотларнинг ҳам қонун олдида тенглиги, фаолиятининг эркинлиги Асосий қонунимизда мустаҳкамланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 145-моддасида диний ташкилотларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш жарима жазога тортишга сабаб бўлиши қайд этилган.
Айни пайтда юртимизда 2050 дан зиёд масжид, 10 дан ортиқ диний таълим муасассалари, Ўзбекистондаги исломий диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув органи бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолият юритиб келмоқда.
Аҳолининг диний-эътиқодий эҳтиёжларини янада самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жойларда расмий имом-хатибларимизга ёрдамчи сифатида маҳаллий имомлар ҳамда отинойиларнинг фаолияти ҳуқуқий асосда йўлга қўйиляпти.
Бугунги кунда отинойи деганда, диний ва дунёвий билимларни талаб даражасида эгаллаган, ҳаёт тажрибасига эга, диний кўрсатмаларни юртимизда анъанавий ҳисобланган ҳанафий мазҳаби асосида тарғиб қиладиган, миллий урф-одатларни тушунадиган, халқ орасида обрў-эътиборга эга аёл тушунилади.
Мамлакатимизда фақат Ислом динига эътиқод қилувчилар эмас, айни пайтда бошқа дин вакилларига ҳам алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади. Уларнинг ҳам виждон эркинлигига доир ҳуқуқлари кафолатланган. Зотан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бошқа дин вакилларини ҳурмат қилганлар.
Мухтасар айтганда, Конституциямизнинг қатор моддаларида дин ва виждон эркинлиги белгилаб берилган. Унда халқимиз менталитетига мос келадиган ишонч-эътиқод, адолату инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу инсоний фазилатлар ўз аксини топган. Бу эса бир юртда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшашига замин яратади.
Икромжон МАРДОНОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳуқуқшунослик бўлими мудири
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан